Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва суғурта масалалари муҳокама қилинди
Хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг бу борадаги масъулиятини ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Айниқса, куз-қиш мавсумида бозорлар ва савдо комплексларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, мол-мулкни суғурталаш ҳамда иситиш мавсумида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш алоҳида эътибор талаб қилади.
Урганчда мазкур масалалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Хоразм вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда «Ўзбекинвест» экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ Хоразм вилоят филиали ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Унда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимлари, суғурта компанияси вакиллари, бозорлар ва савдо комплекслари масъуллари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Матбуот анжуманида даставвал вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Учқун Турсунбаев ҳудуддаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари, бозорлар ва савдо комплексларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, электр ва газ жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, иситиш мосламаларини соз ҳолатда сақлаш ҳамда ёнғин келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ҳақида ахборот берди.
Айниқса, куз-қиш мавсумида иситиш мосламаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш, мўрилар ва вентиляция тизимларининг созлигини таъминлаш, газ жиҳозларини назоратсиз қолдирмаслик ҳамда ис газидан заҳарланиш хавфини камайтириш бўйича амалга оширилаётган тарғибот-профилактика ишлари, шунингдек, замонавий хавфсизлик технологияларидан фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.
– Мавсум давомида 30 минг 134 та кўп қаватли уйлардаги хонадонлар техник кўрикдан ўтказилди, – дейди Учқун Турсунбаев. – Ёнғин-қутқарув қисмлари шахсий таркиби томонидан 46 минг 150 та хонадонда хавфсизлик қоидалари бўйича кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилди. Кўп қаватли уйларнинг 4 минг 501 та кириш йўлаги ўт ўчиргичлар ва эвакуация йўриқномалари билан таъминланди. Шунингдек, хонадонларга 3 минг 538 та газ-анализатор, 4 минг 501 та тутунни аниқловчи ва 2 минг 699 та ис газини сезувчи махсус қурилмалар ўрнатилди. Профилактика тадбирлари жараёнида 96 минг 481 та якка тартибдаги яшаш уйлари кўрикдан ўтказилиб, 237 минг 136 та хонадонда тушунтириш ишлари ташкил этилди. мавсум бошидан буён 14 минг 729 та якка тартибдаги хонадонлар ва 4 минг 815 та кўп қаватли уйларнинг дудбурон ва вентиляция тизимларига техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар жалб қилиниб, соз ҳолатга келтирилди.
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси акциядорлик жамияти Хоразм вилоят филиали бош менежери Сарвар Искандаров бозорлар ва савдо комплексларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда суғурта ҳимоясининг аҳамияти, суғурталаш билан боғлиқ тартиб-таомиллар, суғурта шартлари ҳамда фавқулодда ҳодисалар оқибатида юзага келиши мумкин бўлган моддий зарарларни қоплаш масалалари ҳақида маълумот берди.
[gallery-32535]
Матбуот анжуманининг савол-жавоб қисмида журналистлар ва блогерлар томонидан бозорлар ҳамда савдо комплексларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, мажбурий суғурталаш тартиби, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, замонавий сигнализация ва огоҳлантириш қурилмаларидан фойдаланиш юзасидан қатор саволлар ўртага ташланди.
Берилган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар ва мавзулар юзасидан зарур тушунтиришлар берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари