Фавқулодда ҳолатларнинг олди олинмоқда
Куз-қиш мавсумида аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, турар жойларда ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ҳамда газ-ҳаво аралашмаси чақнашининг олдини олиш, шунингдек, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги” доирасида вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактик, тарғибот-ташвиқот ва амалий тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Навоий вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан фавқулодда вазиятлар хизмати фаолияти, қутқарув бўлинмаларининг жанговар шайлиги, техник имкониятлари ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар учун пресс-тур ва матбуот анжумани ташкил этилди.
Пресс-тур аввалида иштирокчиларга бошқарма фаолиятининг асосий йўналишлари, қутқарув ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари тасарруфидаги махсус техникалар, уларнинг техник имкониятлари ҳамда фавқулодда вазиятларда қўлланилиш тартиби ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, махсус автонарвоннинг ишлаш жараёни амалий тарзда намойиш этилди.

Тадбирнинг амалий қисмида қутқарув бўлинмалари томонидан бир қатор махсус машғулотлар ўтказилди. Жумладан, баландликда шартли жабрланувчини қутқариш, ёнғин-қутқарув спорти машқлари, жанговар ёйилиш, ёнғин ўчириш енглари орқали сув узатиш ҳамда сувда қидирув-қутқарув ишлари намойиш этилди.
Пресс-тур якунида ташкил этилган матбуот анжуманида вилоятда куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш, ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ва газ-ҳаво аралашмаси чақнашининг олдини олиш, “Маҳалла муҳофазаси” тизими ҳамда аҳоли хонадонларида олиб борилаётган профилактик ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

– 2026 йил бошидан буён вилоят ҳудудида жами 328 та ёнғин содир бўлган. Ушбу ҳодисалар оқибатида 1 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 3 нафари тан жароҳати олган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан 5 нафар фуқаро қутқариб қолинган, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Сардор Раҳимбоев. – Таҳлилларга кўра, ёнғинларнинг энг кўп Хатирчи туманида – 71 та, Кармана туманида – 61 та ҳамда Қизилтепа туманида – 54 та қайд этилган. Шунингдек, йил давомида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 2 та ҳодиса содир бўлиб, 4 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган. Газ-ҳаво аралашмаси чақнаши билан боғлиқ 2 та ҳолатда эса 2 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик оқибатида 5 та чўкиш ҳодисаси қайд этилиб, 7 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Ушбу рақамлар хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, профилактика ишларини кучайтириш ва ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятини ошириш нақадар муҳим эканини кўрсатади.

Бугунги кунда аҳоли хавфсизлигини таъминлашда профилактика ишларини бевосита маҳалла ва хонадонлар кесимида ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида” Фармони, “Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуруламал вазифасини бажармоқда. Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, ҳар бир маҳаллада “Маҳалла муҳофазаси инспектори” фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда инспекторлар маҳалла еттилиги аъзолари билан ҳамкорликда “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тамойиллари асосида иш олиб бормоқда. Ҳар бир маҳаллада “Маҳалла муҳофазаси” хоналари ташкил этилиб, уларни зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур тизимнинг асосий мақсади – хавф-хатарларни содир бўлгандан кейин бартараф этиш эмас, балки уларни олдиндан аниқлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва аҳоли орасида хавфсизлик маданиятини шакллантиришдан иборат.

Вилоятдаги йирик ва ёнғин хавфи юқори бўлган объектлар, бозорлар, савдо-кўнгилочар масканлар, туну кун фаолият юритувчи муассасалар ҳамда таълим ташкилотларида жами 796 маротаба махсус-тактик ўқув машқлари ва 5 маротаба кенгайтирилган қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилди.
2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш, ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши ва ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида вилоятда кенг кўламли ишлар ташкил этилмоқда. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, газ ва электр назорати идоралари, профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат 44 та ишчи гуруҳ шакллантирилди. Ушбу гуруҳлар томонидан бугунги кунга қадар 50 минг 883 та аҳоли турар жойи, 36 минг 149 та кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, 968 маротаба ижтимоий соҳа объектлари ва 21 маротаба бозор ва йирик савдо мажмуалари ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар давомида 135 та иситиш печининг хавфсизлик автоматикаси носозлиги, 387 та дудбуроннинг техник ҳолати талабга жавоб бермаслиги ҳамда 94 та газ ускунасининг ностандарт шланглар орқали уланганлиги аниқланиб, вилоятда ташкил этилган 44 та таъмирлаш-тиклаш отряди томонидан ушбу камчиликлар тўлиқ бартараф этилди. Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги юзасидан аниқланган 6 минг 805 та камчиликнинг 6 минг 602 таси бартараф этилди. Қолган 203 та камчиликни бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Пресс-тур ва матбуот анжумани доирасида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири