Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг педагоглари жорий йилнинг 15 апрелидан малака тест синовларида иштирок этмоқда.
Тошкент вилоятидан аттестацияда иштирок этиш учун 13 минг 343 нафардан ортиқ педагоглар онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 10 минг 300 нафаридан ортиғи аттестацияда иштирок этиши кутилмоқда. Тест жараёнлари Тошкент шаҳридаги Педагогларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш марказида бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Оҳангарон туманидаги 27-мактабнинг ингиз тили фани ўқитувчиси Динара Пардаева тестлардан 94 балл тўплаб, олий тоифага эга бўлди.

– Ҳар кунимдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Доим ўрганишдан чарчамайман. Ушбу аттестация бизга давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан бири. Кузда келиб, биринчи тоифага эга бўлган эдим. Ҳали бир йил бўлмай мана олий тоифани ёқлаяпман. Ҳатто 70 фоизлик устамани ҳам қўлга киритдим. Бизга ишониб топширилган фарзандларга бор билимимизни беришга ҳаракат қиламиз, – дейди Д.Пардаева.
А.Мусаев,ЎзА