Фармонга шарҳ: Энергетика соҳасида 2050 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли ёндашув белгиланди
Ёқилғи-энергетика соҳасида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергияга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва келгуси давр учун аниқ режаларни белгилаш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда Президентнинг 2026 йил 22 сентябрдаги “Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳани узоқ муддатли ривожлантиришга қаратилган янги ёндашувлар белгиланди.
Фармоннинг асосий жиҳатларидан бири 2050 йилгача истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш концепциясини ишлаб чиқишдир. Бунда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг келгусидаги эҳтиёжлари, мавжуд ресурслар салоҳияти, аҳоли сони ва ҳудудларнинг ихтисослашуви ҳисобга олинади.
Концепция фақат энергия таъминоти масалалари билан чекланмайди. Унда қайта тикланувчи энергия манбалари, энергияни сақлаш тизимлари ва атом энергетикасини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, рақамли ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш ҳамда янги авлод энергетика технологияларига босқичма-босқич ўтишнинг узоқ муддатли истиқболлари белгиланади. Концепция ҳар беш йилда янгиланиб боради.
Энергия ресурсларига бўлган талабни аниқлашда ҳам янги тартиб жорий этилади. Энди тармоқлар ва ҳудудлар кесимида кейинги уч йил учун ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёж ҳар йили прогноз қилинади. Шу асосда истеъмолчиларни ресурслар билан таъминлаш бўйича уч йиллик ривожлантириш режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ва эълон қилинади.
Бундай ёндашув энергия таъминотида эҳтимолий эҳтиёжларни олдиндан аниқлаш ва зарур чораларни ўз вақтида белгилаш имконини беради. Шу билан бирга, ресурсларга бўлган талаб, ишлаб чиқариш имкониятлари ва келгуси инвестиция эҳтиёжларини ўзаро боғлиқ ҳолда режалаштиришга шароит яратади.
Фармон билан энергетика соҳасида инвестиция лойиҳаларини танлаш ва амалга ошириш тартиби ҳам такомиллаштирилади. Кейинги уч йилга мўлжалланган истиқболли инвестиция лойиҳалари режаси шакллантирилади. Унда лойиҳаларнинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, молиялаштириш манбалари, зарур ер майдони ва инфратузилмага оид маълумотлар акс эттирилади.
Режага киритилган лойиҳалар бўйича танлов ҳужжатлари очиқ эълон қилинади ва лойиҳа ташаббускори танлов асосида аниқланади. Шу тариқа, инвестиция жараёнида лойиҳаларни олдиндан режалаштириш, очиқ танлов ўтказиш ва уларнинг амалга оширилиши учун масъулиятни аниқ белгилашга эътибор қаратилади.
Соҳанинг келгуси ривожи малакали кадрлар тайёрлаш билан ҳам бевосита боғлиқ. Шу боис фармонда ходимларни хорижий давлатларда стажировкага юбориш, раҳбар кадрларни шахсий-профессионал диагностикадан ўтказиш, шунингдек, хорижий нуфузли университетларда таълим оладиган талабалар сонини босқичма-босқич ошириш чоралари белгиланган.
Хусусан, 2030 йилга қадар ёқилғи-энергетика тармоғида нуфузли хорижий университетларда таълим оладиган талабалар сонини йилига 50 нафарга етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, соҳада кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган жами 50 миллион долларлик грант маблағларини жалб қилиш чоралари кўрилади.
Умуман, фармонда белгиланган чоралар энергетика соҳасини қисқа муддатли эҳтиёжларни қондириш билан чекланиб қолмасдан, узоқ муддатли прогноз, инвестиция, замонавий технологиялар ва кадрлар салоҳиятини уйғунлаштирган ҳолда ривожлантиришга қаратилган. 2050 йилгача мўлжалланган концепция эса истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш ва мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли режалаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА