Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасига катта эътибор қаратилиб, улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт ходимлари, ҳамшира ва шифокорлар нуфузини ошириш, уларга муносиб шарт-шароит яратиш ҳам давлатимиз раҳбарининг диққат марказидаги масаладир.
Бу борада эришилган ютуқлар, амалга оширилган ишларга халқимиз бевосита гувоҳ ва буни амалда иштирокчисидир. Шу билан бирга қилинажак, бартараф этилиши лозим бўлган масалалар, йўналишлар, муаммолар ҳам борки, буни йил якунида «Док-1 Макс» дори препаратидан заҳарланиш ва бу билан боғлиқ фожиавий ҳолатлар – болалар ўлими кўрсатиб берди.
ЎзА мухбири шу ва бошқа долзарб мавзулар юзасидан соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов билан суҳбатлашди.
– Энг аввало, Президентимизнинг, қолаверса халқимизнинг бундай юксак ишончини оқлаш биз учун катта масъулият ва мажбуриятдир. Шунингдек, бу ишончни шараф ва ғурур деб ҳисоблайман, – дейди Амрилло Иноятов. – Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш давлатимиз раҳбарининг доим диққат марказида бўлиб келган.
Янги Ўзбекистонни халқаро даражага олиб чиқиш учун жуда баланд марралар кўзланган. Бу юксак марраларни ким забт этади, ислоҳотларни ким амалга оширади? Соғлом миллат, соғлом халқгина буни амалга ошира олади. Шундай экан, бизнинг олдимизда улкан вазифа турибдики, халқимизнинг соғлиғини муҳофаза қилишни, мамлакатимизда фаол ва соғлом кексаликни таъминлашни устувор вазифа деб биламан. Бунинг учун бир қатор стратегик йўналишлар бўйича ишларни амалга оширишимизга тўғри келади.
Аввало, аҳолини соғлом турмуш тарзига, тўғри овқатланишга, фаол жисмоний ҳаракатга ўргатиш жуда зарур. Халқаро тажриба шуни кўрсатяптики, агар мана шу учта масалани ҳал этиш учун аҳолининг ҳар бирига икки доллардан маблағ сарфланса, нотўғри турмуш тарзидан келиб чиқадиган касалликларни инструментал, клиник, лаборатор текшириш учун кетадиган 8 доллар ҳамда касалликни даволаш учун сарфланадиган 286 доллар маблағ иқтисод қилинади. Демак, мамлакатимиз аҳолисининг ҳар бирига соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, фаол ҳаракат профилактикаси учун икки доллардан маблағ ажратсак, уларнинг ҳар биридан қарийб 300 доллардан маблағ иқтисод қилинади. Бу давлат учун ҳам, халқимиз учун ҳам манфаатлидир. Шунингдек, бу аҳолимизнинг рационал соғлом ўсиши ва интеллектуал ресурсини таъминлайди.
Айнан шу масала Президентимизнинг Ўзбекистон халқига ва парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам кўтарилди. Умуммиллий ҳаракатни бошлаймиз. Чунки биз олти йил уриндик, қатор қарор, фармонлар имзоладик. Лекин биз айтгандек натижа бўлмади, деган фикр билдирилди. Бунинг учун умуммиллий ҳаракатни кенг кўламли ва мультисекториал жорий қилиш, ҳар бир вазирлик, идоралар олдида аниқ вазифаларни белгилаб бериш зарур бўлади.
Чунки, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш маданияти ёки фаол жисмоний ҳаракатни таъминлаш биргина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вазифаси эмас. Бу биринчи навбатда Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, қолаверса, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги шунингдек, спорт, маҳалла, ҳатто сув, қишлоқ хўжалиги каби барча вазирлик ва идоларнинг вазифаси деб биламан. Биргина соғлом турмуш тарзи ёки тўғри гигиенани йўлга қўйиш орқали, шунингдек, қишлоқ жойларида аҳолига тоза ичимлик сувини таъминлаб бериш натижасида, биз бугун курашаётган минглаб касаллик ва унинг асорати билан келаётган беморларнинг кескин камайишига эришамиз.
– Президентимиз доим бирламчи бўғинни аҳолига яқинлаштириш ва қулайлик яратиш ҳақида сўз юритади. Жорий йил давомида энг чекка ҳудудларда қанча врачлик пунктлари ишга туширилади ва бирламчи бўғин қай даражада аҳолига яқинлаштирилади?
– Дарҳақиқат, биринчи ўринда биз тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтиришмиз керак. Бу борада ҳам Президентимиз олдимизга аниқ вазифалар белгилаб берди. Халқимизга сифатли ва кафолатланган тиббиётни янада яқинлаштириш мақсадида 500 дан ортиқ ихчам маҳалла тиббиёт пунктлари мамлакатимизнинг энг чекка, олис ҳудудларида, шунингдек, 140 та оилавий поликлиника ташкил этиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, ушбу тиббиёт муассасаларини замонавий кадрлар билан таъминлаш масаласи энг долзарб вазифа қилиб белгилаб олинди.
Жаҳон тиббиёти тажрибасида бугун «Дуалное образование» деган термин бор. Бу ҳам ўқиб, ҳам ишлаш деганидир. Талаба бунинг учун ҳақ олади. Табиийки, ҳам ўқиб, ҳам манфаатдор бўлса, у албатта самарали иш беради. Шу нуқтаи назардан Президент қарори билан мамлакатимизда тиббиёт олийгоҳларининг олтинчи курс битирувчилари онлайн тарзда ўқияпти, ҳам жойларга бориб тиббиётимизнинг бирламчи бўғинида фаолият олиб боряпти.
Бу ўз самарасини берди: ўтган йилнинг ўзида битирувчиларимизнинг 5 минг 555 нафари 100 фоиз иш билан таъминланди. Бугун тиббиётнинг бирламчи бўғинида қарийб 10 минг нафар шифокор етишмаётган бўлса, 50 фоизини мана шу битирувчилар ҳисобига таъминладик.
Бугун поликлиникалар сони 4 минг 200 тага етказилиши натижасида қарийб олти ярим миллион аҳолига тиббиёт янада яқинлаштирилди. Зарур бўлган барча турдаги дори воситалари, тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Биласизми, яна бир муҳим кадрлар етишмаслиги масаласи борки, буни тезкорлик билан бартараф этиш энг устувор вазифаларимиздан. Бугун республикамизда хусусий секторни инобатга олмаган ҳолда давлат тиббиёт муассасалари (бирламчи бўғин, вилоят, республика даражасидаги барча давлат тиббиёт муассасалари, санепид хизмати)да 30 минг нафар шифокорга эҳтиёж бор. Шунингдек, хусусий сектор учун ҳам кадр тайёрлаб беришимиз керак.
– Мурожаатномада таъкидланишича, бугунги кунда 15 мингдан ортиқ аҳоли онкологик ёрдамга муҳтож. Бу борада жорий йилда қандай самарали ишлар амалга оширилади, қайси ҳудудларда юқори технологик радиологик марказлар ишга туширилади?
– Бугунги кунда мамлакатимизда 113 минг нафар бемор онкологик касаллик билан рўйхатда туради. Улар мунтазам равишда даволаниб келмоқда. Онкология йўналишида энг устувор вазифа бу – касалликни биринчи босқичида аниқлаш. Бунинг учун ҳамма ҳудудларга замонавий мобил маммографлар олиб берилди. Аёлларимизда учрайдиган бу касалликлар эрта, биринчи босқичда аниқланса, бу билан курашиб, юз фоиз даволаса бўлади. Бу бўйича жуда катта давлат дастурлари қабул қилинган бўлиб, рўйхатга олинган ҳар бир бемор учун зарур бўлган барча турдаги дорилар билан бепул давлат томонидан таъминлаб бериш чоралари кўрилмоқда. Бу беморларнинг ҳаммаси марказга келмаслиги, бу ерда сунъий навбат юзага келмаслигини таъминлайди. Беморлар учун қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларнинг ўзида ташхис қўйиш ва даволаш чоралари кўриляпти.
Хоразм вилоятида онкология диспансери ташкил этилди. Бугун шу кеча кундузда 7 минг нафар онкологик бемор Хоразм вилоятига тўғри келяпти. 2019 йилда уларнинг 3 ярим минг нафари ордер билан даволаниш учун пойтахтга қатнаган бўлса, 2020 йилга келиб, бу икки бараварга камайди. Яъни беморларнинг марказга келиши 3 ярим минг нафарга, 1 минг 700 та ордерга камайди. 2021 йилда бу рақам 750 тага тушди ва 2022 йилга келиб бор йўғи 131 тани ташкил этди.
Онкология йўналиши бўйича Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида қурилаётган янги 650 ўринли марказ замонавий бўлиши кутиляпти. Бу билан мамлакатимизда ҳали жорий қилинмаган 10 га яқин технологиялар олиб келиняпти, янги стандартлар кириб келяпти. Бу каби замонавий марказлар нафақат Тошкентда қолаверса, барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилиши белгилаб берилган.
– Тиббиёт ижтимоий соҳа. Унинг нақадар муҳим, устувор йўналиш эканлигини йил сўнгида рўй берган воқеалар ҳам кўрсатиб берди. Шунингдек, янги даволаш стандартлари, протоколлари устида иш олиб бориш вақти-соати аллақачон етиб келгандек. Қачон оилавий поликлиникага келган бемор шифокор қабулидан битта дорини ёздириб, шундан даво топиш даражасига эришамиз? Балки кимёвий-синтетик дорилар билан даволанишдан кўра, табиий, халқона, усулларга ўтилар? Соҳа ичида юрган инсон сифатида юрагингизга тугиб қўйган қандай масалалар бор?
– Бу борада ҳам камчиликларимиз мавжуд. Айтганингиздек, бир хил ташхисли бир беморга уч-тўрт хил дори ёзиб бериляпти. Бунинг сабаби мамлакатимизда халқаро стандарт даволаш протоколларининг жорий қилинмаётгани.
Президентимиз доим тиббиётимизнинг қайси тури бепул, қайси тури пуллик деган саволни такрор-такрор берадилар. Мана шу саволлардан келиб чиқиб, биз бугун халқаро тажрибани ўрганиб, экспертлар билан биргаликда тиббиёт, бирламчи тиббиётнинг ҳар бир бўғинида, яъни оилавий шифокорлик пункти, оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда туман, шаҳар шифохоналарида беморлар учун кафолатланган бепул пакетни шакллантиряпмиз.
Бир ой ичида ушбу кафолатланган пакетни жорий этишни кўзда тутганмиз. Кафолатланган пакетга кирган халқаро классификациядаги қарийб 17 ярим мингдан ортиқ касалликлар рўйхати шакллантириляпти. Ҳозирда бу бўйича ишлар жадаллик билан олиб бориляпти. Бу билан тиббиётнинг бирламчи бўғинида аҳолимиз учун зарур бўлган касалликлар рўйхати ва ушбу касалликни даволашга керак бўладиган дори-дармонлар ва текширув учун керакли реагентлар бепул бўлади. Шунингдек, вилоят даражасида ва республика даражасида ушбу касалликлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, йўлланма орқали бир-бирига интеграция қилинади.
Мамлакатимизда 500 дан ортиқ ноёб шифобахш ўсимлик турлари бор. Аммо бу билан деярли ҳеч ким шуғулланмаяпти. Ишни ана шундан бошлашимиз керак. Ноёб шифобахш ўсимликларни излаб топиб, уларни кўпайтириш, қайта ишлаб чиқариш саноатини йўлга қўйиб, уни тиббиётимизнинг бирламчи бўғинига аниқ стандарт протоколлар билан белгилаб жорий қилиш керак. Бу билан юқори технологик дори ишлаб чиқариш саноатини йўлга қўйиш, аҳолимизни арзон ва хавфсиз дорилар билан таъминлаш, буни жаҳон фармацевтика бозорига экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Сифатли, малакали, кафолатланган тиббиёт. Бу тизимнинг ишлаб кетиши учун биринчи навбатда мамлакат тиббиётини рақамлаштириш ва уни суғуртага ўтказиш керак. Агар мана шу икки масалани ечмас эканмиз, биз тиббиётимизни трансформация қила олмаймиз. Бу оддий аксиома. Биз мана шу масалани олдимизга аниқ вазифа қилиб олганмиз. Суғурталаш тизими дастлаб Сирдарёда экспериментал жорий этилди, даслабки натижаларимиз бор. Энди ушбу тизим 2023 йилда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Андижон вилоятларида татбиқ этилади.
Йилнинг биринчи ярим йиллигида барча тиббиёт муассасаларини интернет тармоқлари билан таъминлаш ва иккинчи ярим йилликдан бошлаб тиббий суғуртани амалга ошириш ва оилавий поликлиника, рақамли оилавий поликлиника ва рақамли стационарларни ишга тушишини таъминлаш вазифаси олдимизда турибди.
– Йил якунида рўй берган «Док-1 Макс» дори препарати билан боғлиқ фожиали воқеалар ҳақида нима дея оласиз? Фармакологик сиёсатни қайта ислоҳ қилиш керакдир, балки?
– Аниқ айта оламанки, бу биргина шифокорларимизнинг айби эмас. Чунки бу препаратларнинг бошқа давлатлардан бундай ҳолатда кириб келиши, зарарли препарат бўлиб чиққанлиги биз шифокорларнинг айбимиз эмас. Бу масалада ССВда жуда катта ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, чуқур илмий ўрганилмоқда. Четдан келадиган ҳар қандай хавф-хатарга тайёр туришимиз, огоҳ бўлишимиз кераклиги ўзимиз учун ҳам жуда катта сабоқ бўлди. Лекин ҳозирги ҳолатда, мамлакатимизга айнан «Док-1 Макс» препарати ва «Амбронол» сиропларининг қалбакиси кириб келиши, унинг таркибида бундай заҳарли моддалар бўлиши шифокорларимизнинг айби эмас. Муҳими, бу билан боғлиқ ўлим ҳолатларини деярли тўхтатдик. Бугун ҳақиқатда ушбу доридан заҳарланиб, даволанаётган болаларимиз бор. Бу олдинги бошқа заҳарланишлардан тубдан фарқ қиладиган заҳарланиш бўлганлиги учун ҳам зудлик билан илмий, чуқур ичига кириб, аниқлаш ишлари олиб бориляпти.
– Заҳарли дори препаратлари партиясининг Ўзбекистонга кириб келишига айнан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вазирлик мутасаддиси сифатида сиз ҳам масъул эмасмидингиз?
– Албатта, масъулмиз. Жуда ҳам тўғри савол бердингиз. Бунинг учун бизда Фармагентлиги ташкилоти бор. Ушбу Фармагентлик бугун ҳуқуқ тартибот органлари томонидан чуқур текшириляпти. Бугун мамлакатимизга кирган айрим партия препаратлари сертификатларининг сохталаштирилганлиги тўғрисида фактлар аниқланган. Бу учун жавобгарлик бор. Айбдорларнинг ҳаммаси қонун олдида ҳам, халқ олдида ҳам албатта, жавоб беради.
ЎзА мухбири
Моҳигул Қосимова суҳбатлашди.