Тошкентда 17-19 сентябрь кунлари V Евросиё фармацевтика саммити бўлиб ўтмоқда. Тадбир фармацевтика соҳасидаги асосий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида экспертлар ва профессионалларни бирлаштиришга қаратилган.
Саммит доирасида “Ишлаб чиқарувчи – тарқатувчи – дорихона тармоғи: иттифоқчиларми ёки рақиблар?” мавзусида “саҳна мулоқоти” бўлиб ўтди. Унда Stada компаниясининг Евроосиё минтақасидаги вице-президенти Арминас Мацевичус, Эмити Интернешнл компанияси (Қозоғистон) бош директори Евгений Землянкин ва «Farmacia Familiei» (Молдова) дорихона тармоғи бош директори Татьяна Койнак иштирок этди. Экспертлар Евроосиё мамлакатлари тажрибасида фармацевтика саноатини ўзгартириш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Сўнгги йилларда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқарувчилар, тарқатувчилар ва дорихоналарнинг роли ва улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар сезиларли даражада ўзгарди. Фаол ингредиентларга олдиндан сармоя киритадиган дори ишлаб чиқарувчилар дори воситаларини сақлаш, уларни божхонада расмийлаштириш ва тўлаш муддати кечиктирилган ҳолда сотиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Бу эса уларни дори тарқатувчилар ва давлат соғлиқни сақлаш тизимлари учун ҳомийга айлантириб қўймоқда.
– Технологиялар ривожланган бугунги кунда тарқатиш масаласи янада мураккаблашди: у логистикадан ташқари дори воситаларини тарғиб қилишни ҳам талаб қилади ва кўпчилик тарқатувчилар бу вазифани ишлаб чиқарувчиларга юклаб қўйишмоқда, – дейди А Мацевичус. – Бу тарқатувчиларни логистика ва микромолиявий компанияларга айлантирмоқда, бу эса дистрибюторларни логистика ва микромолия компанияларига айлантиради ва бу ўз навбатида нақд пул бўшлиқларига олиб келади.
Дори воситаларини онлайн-тарқатиш ва дорихоналар тобора оммалашиб кетмоқда, бироқ бу сегмент белгиланган меъёрий қоидаларнинг бузилиши ҳамда рўйхатдан ўтмаган ва сохта дори воситалари савдосидан азият чекмоқда.
Логистика муаммолари дори воситаларини етказиб беришда кечикишларга олиб келади ва бу бизнес жараёнларни қийинлаштирган ҳолда, дорихоналарда товарлар таъминотига таъсир кўрсатади. Ҳуқуқий чекловлар маълум қийинчиликларни келтириб чиқаради. Дорихона тармоқлари қатъий тартибга солувчи меъёрий қоидаларга бўйсунмайдиган ноқонуний онлайн-хизматлар билан рақобатлашиши қийин. Бунинг натижасида, бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиб бериш учун ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлади.
Спикерлар трендларни ҳисобга олган ҳолда, кейинги 5-10 йилда онлайн-савдо устунлик қилишини башорат қилмоқда, бу дори воситалари харидининг бир қисми интернет орқали амалга оширилади, деганидир. Шу нуқтаи назардан бозорнинг “кул ранг зона” га ўтишининг олдини олиш учун қоидалар ва тартибга солиш чораларини ишлаб чиқиш зарур.
Маърузачилар технологиялар мавзусига қайтиб, бугунги кунда сунъий интеллект ва роботлаштириш фармацевтика бизнесининг ажралмас қисмига айланиб бораётиганига эътибор қаратди. Бу технологиялар захираларни бошқариш, талабни башорат қилиш, ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштириш ва бошвп логистика вазифалари сингари турли вазифаларни бажариши мумкин. Онлайн хизматларни ривожлантириш фойдаланувчи тажрибасини яхшилаш, таъминот занжирини оптималлаштириш ва онлайн-маслаҳатларни қўллаб-қувватлаш учун сунъий интеллектни кенг интеграция қилишни талаб этади.
Бироқ, автоматлаштиришга қарамай, “жонли” фармацевтикага бўлган талаб юқори бўлиб қолмоқда, чунки мураккаб тиббий вазиятларда, махсус вазифаларни бажаришда ва технологиялар ҳозирча уларнинг ўрнини босолмайдиган маслаҳат хизматларини кўрсатишда уларнинг аҳамияти жуда катта. Бошқа томондан, электрон рецептлар ва инсон ресурсига юкламани камайтирувчи бошқа тизимлар ҳам мавжуд бўлиб, бу фармацевтларнинг янада мураккаб вазифаларга эътибор қаратишига имкон беради.
Иштирокчилар мулоқот сўнггида давлат, дорихона тармоқлари ва тарқатуцвчилар ўртасидаги кооперация миллат саломатлигини таъминлаш ва фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш учун муваффақият калити бўлмоқда, деган фикрда тўхталдилар.
Алпомиш Машрабхонов, ЎзА