Фарғоналик отахонлар велосипедда Самарқандгача боради
Хабарингиз бор, яқинда сирдарёлик икки нафар юртдошимиз давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини кенг тарғиб қилиш мақсадида Андижондан Мўйноққача, қарийб 1 минг 800 км масофани пиёда босиб ўтган эди. Ушбу ташаббус кенг қулоч ёймоқда.
Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси матбуот хизмати томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида фарғоналик отахонлар шу йил 31 мартдан 9 апрелга қадар Фарғона–Самарқанд–Фарғона йўналиши бўйлаб веломарафон ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Шу мақсадда фарғоналик 27 нафар нуроний отахонлар велосипедда Фарғона шаҳридан Самарқандгача бўлган масофани босиб ўтиш орқали аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишни мақсад қилишган.
Веломарафонга 1 апрель куни соат 8:00да Фарғона вилояти Қўштепа тумани Ёшлар марказидан старт берилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА