Фарғоналик дастурчининг AI лойиҳаси халқаро танловда ғолиб бўлди
Сунъий интеллект нафақат технологияларни тезлаштириш, балки инсонлар учун янги имкониятлар яратишга ҳам хизмат қилмоқда.
Айниқса, имконияти чекланган инсонларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган рақамли ечимлар бугун халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Шундай лойиҳалардан бири фарғоналик дастурчи Муҳаммадқодир Абдувоитов томонидан яратилган. Унинг «Braille Recognition» стартапи Индонезияда ўтказилган нуфузли «ASOCIO Digital & AI Awards 2026» тадбирида халқаро мукофотни қўлга киритди.
5–7 октябрь кунлари Жакарта шаҳрида ўтказилган тадбирда Осиё–Океания минтақасининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги етакчи мутахассислари иштирок этди. Фарғоналик дастурчининг лойиҳаси Осиё–Океания компьютер саноати ташкилоти (ASOCIO) томонидан таъсис этилган «AI for Public Good» — «Жамият манфаати учун сунъий интеллект» номинациясида ғолиб деб топилди.
Мукофотни стартап асосчиси Муҳаммадқодир Абдувоитов тантанали маросимда қабул қилиб олди.
«Braille Recognition» — смартфон камераси орқали Брайль ёзувини таниб, уни оддий матнга айлантирувчи мобил илова. У кўзи ожиз инсонлар, уларнинг яқинлари ва таълим соҳаси вакиллари учун қулай имконият яратади. Лойиҳанинг халқаро танловда ғолиб бўлиши Фарғонада яратилаётган рақамли ечимлар нафақат маҳаллий, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнини топаётганини кўрсатади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА