Фарғонада тиббий хизмат имкониятлари кенгаймоқда
Фарғона вилоятида соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий диагностика ва даволаш имкониятларини кенгайтириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Фарғона шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси капитал таъмирдан сўнг замонавий қиёфа касб этди. Муассасада беморлар ва тиббиёт ходимлари учун қулай шароитлар яратилиб, хоналар янги тиббий ускуналар билан жиҳозланди.
Хусусан, лабораторияга ўрнатилган иммунохимик анализатор гормонлар бўйича қон таҳлилларини ўтказиш имконини бермоқда. Хотин-қизлар маслаҳатхонасида ҳам замонавий диагностика имкониятлари кенгайтирилди.Йил бошидан буён бўлимга 2 минг 997 нафар аёл мурожаат қилган. Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган Dr.Camscope рақамли видеокольпоскопи ёрдамида ўтказилган текширувларда 107 нафар аёлда гинекологик, жумладан, онкологик касалликлар эрта аниқланган.
Поликлиникада 10 ўринли кундузги стационар, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, физиотерапия хоналари ва бошқа бўлимлар фаолият юритмоқда. Тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Лойиҳаларимиз “Очиқ бюджет” дастури доирасида тўрт марта ғолиб бўлди, - дейди поликлиника бош шифокори Абдуваҳоб Араббоев. — Ажратилган маблағлар ҳисобидан болалар бўлими ташкил этилди, тиббий ускуналар харид қилинди ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, хотин-қизлар маслаҳатхонаси учун ҳомиладор аёлларни перинатал скринингдан ўтказишга мўлжалланган ультратовуш аппарати харид қилинди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилмоқда. 365 ўринга мўлжалланган муассасада 750 нафардан зиёд ходим фаолият юритади.
Марказ бош шифокори Одилжон Умаровнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда пульмонология, оториноларингология, неврология, кардиология, реабилитация, клиник лаборатория бўлимлари ҳамда консультатив поликлиника таъмирланди. Шунингдек, муассаса учун 17 турдаги замонавий тиббий аппаратура ва зарур асбоб-ускуналар харид қилинди.
Марказда тиббиёт таълими ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Фарғона жамоат саломатлиги институтининг клиник кафедралари учун 11 та ўқув хонаси ва конференция зали ажратилган. Бу ерда талабаларнинг амалий машғулотлар ўташи, профессор-ўқитувчиларнинг даволаш жараёнларида иштирок этиши учун шароит яратилган.
Шунингдек, марказ шифокорлари томонидан хирургия, травматология ва клиник лаборатория йўналишлари бўйича учта ўқув дастури ишлаб чиқилган. Хорижда таҳсил олган, илмий даражага эга ёш мутахассисларни ишга жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-32387]
Тиббиёт муассасаларида амалга оширилаётган бундай янгиланишлар касалликларни эрта аниқлаш, даволаш самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА