Фарғона вилояти: тиббиётдаги ислоҳотлар самараси
Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлод тарбияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Фарғона вилоятида она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор тамойили асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлими қурилиши учун бюджетдан 20 миллиард сўм маблағ ажратилиб, янги бино қад ростлагани репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва гўдакларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш йўлидаги эзгу ишлардан бири бўлди. Туғруқ бўлимининг 1958 йилда қурилган 80 ўринли эски биноси ўрнига барча имкониятларга эга, 105 ўринга мўлжалланган янги комплекс қурилди. Замонавий тиббий ускуналар, мебель, лаборатория жиҳозлари билан таъминланган туғруқхонада малакали хизмат кўрсатиш имконияти янада ошди.

Шунингдек, Қиргули мавзесида 40 ўринли гинекология ва 60 ўринли ҳомиладорлар патологияси бўлимлари мукаммал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди. Қўқон шаҳри, Данғара, Бувайда, Бағдод ва Учкўприк туманларида яшовчи аёллар ва чақалоқларга перинатал тиббий хизмат кўрсатувчи Қўқон туманлараро перинатал маркази очилди. Туғруқ комплексини реконструкция қилиш учун 13 миллиард 885 миллион сўм маблағ сарфланиб, тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва ҳомийлар ҳисобидан 310 минг АҚШ доллари қийматига тенг тиббий асбоб-ускуналар, аппаратуралар ва жиҳозлар олинди. Худди шундай туманлараро перинатал маркази Бешариқ туманида ҳам иш бошлади.
– Вилоятимизда қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш мақсадида Қўқон шаҳри, Бағдод ва Ёзёвон туманларида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларининг янги қурилган биноси фойдаланишга топширилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов. – Ушбу марказга соҳанинг моддий- техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Жаҳон банки томонидан 27 турдаги тиббий жиҳозлар, шу жумладан, қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган мультиспираль компьютер томографияси аппарати, 2,2 миллиард сўмлик замонавий рентген-диагностика аппарати, 2 миллиард сўм қийматидаги гемодиализ аппарати ҳамда видеогастроскоп ва видеобронхоскоп аппаратлари келтирилиб ўрнатилди. Бу беморларга аниқ ташхис қўйиш ва малакали даволаш ишларини олиб боришда қўл келмоқда.
Муҳим ислоҳотлардан яна бири шуки, илгари вилоятда буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётлари ўтказилмас, бу ҳолат беморларни хорижий мамлакатларда катта маблағ эвазига даволашга сабаб бўларди. Ҳозирга келиб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида илк бор буйрак трансплантацияcи амалиёти бажарилди ва бу доимий равишда йўлга қўйилди.
Тиббий ёрдамнинг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида чекка ҳудудларда контейнерларда жиҳозланган маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилди. Керакли тиббий ускуналар, биринчи ёрдам учун 120 турдаги дори-дармон, кундузи даволанишга керакли мебеллар, ювиниш хоналари билан жиҳозланган тиббий пунктлар чекка ҳудудлар аҳолиси учун хизмат кўрсатмоқда. Яқин кунларда ҳудудларда шундай қулайликларга эга 70 та контейнер тиббиёт пунктлари очилади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида жорий йилнинг март, май ойларида 6 нафар беморда аорта-коронар шунтлаш операциялари ўтказилди. Июнь ойида юрак қон-томир жарроҳлик ва микрохирургия бўлими врачлари томонидан 4 нафар уйқу артериялари атеросклероз касаллиги билан оғриган беморларда коротид эндартерэктомия операциялари муваффақиятли амалга оширилди.
Бундай тоифадаги беморларда ўлим кўрсаткичи ва ногиронлик юқори бўлганлиги учун филиалда юрак ишемик касаллиги билан хасталанган беморларни кардиохирургик операция усуллари билан даволаш босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, соҳадаги ислоҳотлар натижасида тез тиббий ёрдам тизими мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган соҳага айлантирилди. Хусусан, юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари, уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати бўлимларида бутунлай янгича тизим шакллантирилди.
Бугун тиббиётдаги бу каби ижобий ўзгариш ва янгиланишларни ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА