Қишлоқ хўжалиги ерларини “e-auksion.uz” электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериш жорий йилнинг январь ойидан бошлаб йўлга қўйилди. Бугунги кунда янги тизим шаффофлик асосида талабгорлар орасидан ғолибларни аниқлаб бермоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Бу ўзгариш “Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030-йилгача мўлжалланган стратегияси”ни амалга оширишнинг асосий босқичларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида танловга чиқарилган 28 минг 354 та лотлар, яъни 3 минг 724 гектар ер майдони бўйича ғолиблар аниқланди. Фарғона вилоят судининг судьялари қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси юзасидан туман-шаҳарларда учрашувлар ташкил этмоқда. Учкўприк туманида ижарага ердан фойдаланиш ҳуқуқини киритган фуқаролар билан мулоқот ҳам фойдали бўлди.
Судьялар фуқароларни очиқ электрон танлов ғолиби бўлганлиги билан табриклаб, ер қонунчилиги бўйича тушунтиришлар беришди. Келгусида ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишлари, ердан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилиниши, ер қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланганлиги ҳақида сўз юритишди. Учрашувда методик қўлланмалар ва буклетлар тарқатилди.
Қобилжон Муталиев,
Фарғона вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВлари
билан алоқалар бўлими бош консультанти