Фарғонада педагоглар малака синовларидан ўтмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2026 йил январь–июнь ойлари давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги педагог кадрлар малака (тест) синовларидан ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 7 апрель куни бошланган аттестация жараёнлари 6 майга қадар давом этади.
Фарғона шаҳридаги 28-умумтаълим мактабида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли педагог кадрларнинг малака синовлари ташкил этилган.
Аттестация икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда педагогларнинг мутахассислик фанлари ҳамда касбий стандартлар бўйича билим даражаси баҳоланади. Унда 35 та мутахассислик фанидан ва 5 та касбий стандартга оид тест саволлари тақдим этилган. Иккинчи босқичда эса уларнинг педагогик маҳорати аниқланади.
[gallery-28726]
Синовларнинг тўлиқ компьютерда, онлайн тарзда ва реал вақт режимида ўтказилаётгани жараённинг шаффофлиги ва холислигини таъминламоқда.
Маълумотларга кўра, жорий аттестацияда республика бўйича 40 дан зиёд фан ўқитувчилари — 214 мингдан ортиқ педагог иштирок этиши кутилмоқда. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 21,8 фоизга кўпдир.
Кўзи ожиз педагоглар учун махсус тест саволлари ишлаб чиқилган бўлиб, улар учун алоҳида имтиҳон кунлари белгиланган.
Синов жараёнларини юқори савияда ташкил этиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, 250 та замонавий компьютер юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган, 150 ўринли ошхона фаолият юритмоқда.
Аттестация якунлари бўйича электрон сертификатлар педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.
Мазкур жараён таълим сифатини ошириш, педагогларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА