Фарғонада аскарларни касбга ўқитиш тажрибаси ўрганилди
Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи Шарқий ҳарбий округда муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга ўқитиш ва олий таълимга тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлди.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг мазкур йўналишдаги топшириқлари ижроси, аскарлар учун яратилган шароитлар, касб-ҳунар ўргатиш ва олий таълимга йўналтириш тизими ўрганилди.
Шарқий ҳарбий округ бошқарув аппаратида ўтказилган йиғилишда бу борада амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан маълумот берилди.
Қайд этилганидек, округда «Битта аскар — битта касб» тамойили асосида ҳарбий хизматчиларнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, турли йўналишларда ўқув гуруҳлари ташкил этилган. Уч ойдан олти ойгача давом этадиган машғулотларга техникум ўқитувчилари ва малакали мутахассислар жалб қилинган.
Шунингдек, жорий йилнинг июль ойида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнашган 217 нафар аскарнинг 176 нафари 41 та олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган. Улар айни пайтда ҳарбий хизматни давом эттириш билан бирга онлайн машғулотларда ҳам иштирок этмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари Фарғона шаҳридаги 4-сонли техникумда аскарлар учун ташкил этилган касб-ҳунар машғулотлари билан танишди.
Фарғона гарнизонида йўлга қўйилган тизимга кўра, ҳарбий хизматчилар назарий билимларни ҳарбий қисмларда, амалий кўникмаларни эса техникумларда эгалламоқда. Хусусан, 4-сонли техникум билан ҳамкорликда чилангарлик, токарлик ва электр монтаж йўналишлари бўйича касбга ўқитиш ташкил этилган.
[gallery-32354]
Сенат ишчи гуруҳи аъзолари ўқув хоналари, амалий машғулотлар учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, касб-ҳунар курсларини муваффақиятли тамомлаган аскарларга сертификатлар топшириш маросимида иштирок этди.
Ташриф доирасида Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бири ҳам ўрганилди. Ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда ҳарбий хизматчилар ва ёшлар учун барпо этилган ўқ отиш тири фаолияти билан танишиб, жанговар тайёргарлик машғулотларини кузатди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА