Электр энергияси. Бугунги кунда ҳаёт тарзимизнинг ажралмас бўлаги, дастёри десак адашмаймиз. Бироқ айрим истеъмолчилар томонидан электр энергиясига ноқонуний уланиб олиш ва фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Фарғона вилоятида жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 3 минг 549 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, мазкур ҳолатлар учун 18 миллиард 570 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб ишлари бажарилган.
Шундан, аҳоли истеъмолчилари томонидан 2 минг 326 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан умумий 5 миллиард 701,3 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилган.
Бундан ташқари, улгуржи истеъмолчилар томонидан 1 минг 223 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Энг кўп ноқонуний ҳолатлар Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Бешариқ, Бувайда, Бағдод ҳамда Учкўприк туманлари ҳиссасига тўғри келади.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан жойларда мунтазам электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бундан асосий мақсад - электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига бутунлай барҳам бериш ва истеъмолчиларни сифатли ва барқарор электр энергияси билан таъминлашдан иборатдир.
Ўтказилаётган тадбирлар давомида жойларда аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари юзасидан тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, вақтинча электр тармоғидан ажратилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА