Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизматини амалга ошириш, мазкур тизимга ишга киришда барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиб беришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда давлат хизматлари тизимига ишга кириш жараёнида фуқароларни профессионал сифат ва малакалар асосида саралаб олишнинг шаффоф механизми амалиётга жорий этилмоқда.
Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш ва барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш мақсадида vacancy.argos.uz вакант лавозимлари ягона очиқ портали орқали доимий равишда танловлар ўтказиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоятдаги 32 та ташкилот, туман, шаҳар ҳокимликларининг 875 та вакант лавозимига танлов эълон қилиниб, уларда 30 мингдан ортиқ номзод иштирок этиш учун ариза юборди. Яъни 1 та вакант лавозим ўринга ўртача 34 нафар номзод тўғри келган.
Белгиланган тартиб ва шартлар асосида ўтказилган танловларда 700 нафар фуқаро ғолиб деб топилиб, тегишли давлат хизматлари бўйича ишга қабул қилинди. Улардан 221 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлар, 109 нафари давлат хизматига илк маротаба қабул қилинганларни ташкил этди. Бундан ташқари, танлов ғолибларининг 418 нафари эркаклар, 282 нафари аёллардан иборат бўлди.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида Андижон вилоятидаги давлат органлари ва ташкилотларида 420 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун vacancy.argos.uz ягона очиқ портали орқали вакант лавозимлар эълон қилинди. Ҳозирда порталда 80 дан ортиқ лавозимларга онлайн ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини ошириш ва мунтазам равишда янгилаб бориш мақсадида жами 745 нафар, шу жумладан, 281 нафар давлат хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малакасини оширди.
Агентлик томонидан вилоятдаги давлат хизматчиларидан 2 нафари Хитой Халқ Республикасига, 2 нафари Туркия давлатига, 1 нафари Германия давлатига хорижий стажировкага юборилди.
Давлат фуқаролик хизматчисини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш мақсадида 23 маротаба ўрганиш ва мониторинг тадбирлари ўтказилди. Ўрганиш якунлари бўйича мутасадди ва масъулларга 5 та тақдимнома, 53 та огоҳлантириш хати юборилди, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 9 нафар масъулларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Давлат фуқаролик хизмати соҳасини рақамлаштириш, бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиш мақсадида Агентлик томонидан vacancy.argos.uz, hrm.argos.uz, samaradorlik.uz, zaxira.argos.uz, ilm.argos.uz, my.argos.uz каби 10 дан ортиқ электрон платформалар амалиётга татбиқ этилди.
Номзодларни мурожаатларини тинглаш, ўз вақтида асосли муносабат билдириш мақсадида Агентлик томонидан @vacancy_argos_bot ҳамда ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган.
Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда, зарур чоралар кўрилмоқда.
Муҳаммаджон Мамуржонов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Андижон вилоят
филиали етакчи инспектори.
ЎзА