Давлат фуқаролик хизмати тизими: амалиёт ва самара
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилояти филиалида матбуот анжумани ўтказилди.
Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати тизими фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, давлат органлари ва ташкилотларига очиқ танлов орқали ишга қабул қилиш, давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий ахлоқ-одобни, коррупцияга қарши кураш, ходимларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш замонавий бошқарув ислоҳотларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам давлат фуқаролик хизматида коррупциянинг олдини олиш, унга барҳам бериш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши ва унинг тартиблари алоҳида белгилаб қўйилган.
Маълумотларга кўра, вилоятда 2022 йил давомида Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz орқали 5308 та вакант лавозим бўйича танлов эълон қилиниб, 49 минг нафар номзод танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширган. Танловда иштирок этиш истагини билдирган ва лавозим учун белгиланган малака талабларига мос деб топилган 5451 нафар номзодларнинг билими Давлат хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизими – test.argos.uz орқали синовдан ўтказилган.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, танловнинг суҳбат босқичини юқори сифат ва адолатли тарзда ўтказиш кўп жиҳатдан танлов комиссияси аъзоларини билим ва савиясини оширишга боғлиқ. Шу мақсадда, Филиал томонидан 16-24 август кунлари 64 та бошқарма ва ташкилотлар ҳамда вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимликларидаги танлов комиссиялари 332 нафар аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида семинар-тренинглар ўтказилганлиги қайд этилди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилояти филиали раҳбари Отабек Мавлонбердиев матбуот анжумани иштирокчиларига раҳбар кадрлар захираси, давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини ошириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини ўрганиш, “Келажак лидерлари” клуби фаолияти ҳамда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни тарғиботи ва ижроси бўйича филиал томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларининг давлат фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартиришга қаратилган автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш билан боғлиқ саволларига жавоб берилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА