Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини амалий тадқиқот лойиҳаси доирасида олишни назарда тутувчи "Лойиҳа доирасида илмий даража" дастури йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини амалий тадқиқот лойиҳаси доирасида олишни назарда тутувчи "Лойиҳа доирасида илмий даража" дастури йўлга қўйилади.
Дастур доирасида илмий лойиҳаларни амалга оширишнинг шундай тартиби ўрнатиладики, унга кўра:
а) Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан устувор илмий ихтисосликлар бўйича муддати уч йилдан кўп бўлмаган тадқиқот лойиҳалари учун ҳар йили бир марта танлов эълон қилинади;
б) тадқиқот лойиҳасида иштирок этувчи докторант лойиҳа раҳбари томонидан танлов асосида қабул қилинади ҳамда лойиҳа раҳбари бир вақтнинг ўзида докторантнинг илмий раҳбари ҳисобланади;
в) докторант тадқиқот лойиҳаси бажарилаётган ташкилотнинг изланувчиси ҳисобланади ва унга таянч докторантура учун белгиланган миқдорда стипендия тўланади;
г) тадқиқот лойиҳаси даврида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилган тадқиқотчи лойиҳасининг илмий ҳисоботи экспертизадан ўтказилмайди;
д) Дастур илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
ж) Дастур доирасида тайёрланадиган докторантлар сони Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таянч докторантурага ҳар йили ажратиладиган қабул квотасини шакллантиришда ҳисобга олинмайди.
Илмий даражалар беришда 2027 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартиблар бекор қилинади:
а) чет тили фанидан малакавий имтиҳон топшириш, мустақил изланувчилар бундан мустасно;
б) Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация мавзуларини рўйхатдан ўтказиш ва диссертация ҳимояси тўғрисида эълон бериш;
в) диссертацияни етакчи ташкилотда муҳокамадан ўтказиш;
г) ижтимоий-гуманитар фанлар соҳалари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси учун тайёрланган диссертация натижалари юзасидан монография эълон қилиш;
д) диссертация авторефератини чоп этиш;
ж) диссертация илмий натижаси амалиётга жорий этилганлиги тўғрисида хулоса олиш;
з) Олий аттестация комиссиясининг фан тармоқлари бўйича эксперт кенгаши томонидан диссертацияни илмий экспертизадан ўтказиш;
и) ҳимоя қилинган диссертация бўйича илмий кенгаш қарорини Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқлаш;
к) таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти учун жалб қилинган чет эллик фуқаронинг хорижда олган илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатларини нострификация қилиш. Бунда илмий даража тўғрисидаги ҳужжат унинг Ўзбекистондаги фаолияти давомида тўғридан-тўғри тан олинади.
ЎзА