2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича “Ректорлар мактаби” дастури йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Янги Ўзбекистон” университетида “Ректорлар мактаби” дастурини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб “Янги Ўзбекистон” университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича “Ректорлар мактаби” дастури йўлга қўйилади.
Дастур давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар захирасини шакллантириш мақсадида ташкил этилади.
Дастур доирасида 30 ёшга тўлган, камида магистр академик даражасига ва олий таълим соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлган, шу жумладан, 2 йил раҳбарлик лавозимларида ишлаган шахслар очиқ танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Тингловчиларда академик, молиявий, илмий ва инновацион бошқарув, сунъий интеллект ва рақамлаштириш, стратегик бошқарув ва трансформация йўналишларида билим ва кўникмалар ривожлантирилади.
Ўқув жараёнлари масофавий (онлайн) ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (оффлайн) олти ойгача бўлган муддатда ташкил этилади.
Ҳар йили 80 нафар тингловчи қабул қилинади ҳамда Дастур якунлари бўйича энг яхши натижа кўрсатган 40 нафаргача тингловчи Гарвард университети (AҚШ) ва (ёки) бошқа хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юборилади.
Қарорга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Дастур доирасида давлат олий таълим ташкилоти ректори (директори) лавозимига тингловчиларни ўқитиш бўйича давлат буюртмачиси ҳисобланади. Дастур доирасида тингловчиларнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва амалдаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади.
Дастурни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритиладиган давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар захирасига киритилади.
Давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар фақат Дастурни муваффақиятли тамомлаган ва олий таълим ташкилотлари ректори (директори) захирасига киритилган шахслар орасидан танлаб олинади.
2026 йил 1 июлга қадар Дастурга номзодларни саралаш тартиби тасдиқланади.
Мазкур қарорда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, ўқув дастури ишлаб чиқилади.
Дастур доирасида тингловчиларни ўқитиш ҳамда Дастур якуни бўйича ҳар йили 40 нафаргача тингловчини Гарвард университета (АҚШ) ва (ёки) бошқа хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юбориш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Тингловчиларни ўқитиш ва хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юбориш харажатлари учун зарур маблағлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан шартнома асосида Университетга ўтказиб берилади.
Битта тингловчини ўқитиш харажатлари миқдори ҳар йили Университет томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
ЎзА