Факт ва рақам: Қайси давлатлар энг кўп электр энергияси ишлаб чиқаради?
Глобал сиёсий ва иқтисодий жараённи англашда энг ишончли манба рақамлар ҳисобланади, чунки миқдор воқеликни холис, аниқ кўрсатади. “Факт ва рақам” рукнида дунё энергетикаси, иқтисодиёти ва геосиёсий тенденциялар халқаро ташкилотлар ҳамда миллий статистика маълумотлари асосида таҳлил қилинади.
Мазкур рукнда ҳар бир рақам шунчаки маълумот эмас, балки глобал жараён, ресурслар учун рақобат ва стратегик манфаатларни ифодалайди. Бу орқали ўқувчи нафақат хабардорлигини оширади, балки фактнинг аҳамияти, таъсирини ҳам тушуниб етади.
Ҳозирги замонда иқтисодиётнинг барча соҳалари учун асосий ресурсга айланган электр энергияси миқдори муайян давлатнинг саноат, технология ва умумий тараққиёт даражасини белгилайди. Маълумки, ер юзи бўйлаб электр токига талаб барқарор ошиб боряпти. Бу жараён саноатлашув, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект технологияси ва электромобиллар сони ортиши билан боғлиқ. Шу боис электр энергияси ишлаб чиқариш бугунги кунда иқтисодий қудрат ва глобал таъсирни баҳолашда муҳим индикаторга айланган.
Сўнгги халқаро энергетика таҳлили дунёда электр токи ишлаб чиқариш бўйича мутлақ етакчи Хитой эканини кўрсатмоқда. Ушбу мамлакат йиллик ҳисобда қарийб 10 000 тераватт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу кўрсаткич иккинчи ўриндаги АҚШ (4 400)дан икки баробар юқори. Демак, ХХР глобал энергетика тизимида яққол устун. Учинчи ўриндаги Ҳиндистон ҳам 2 000 тераватт-соат билан энг тез ўсиб бораётган энергетика бозори сифатида намоён бўлмоқда. Кейинги ўринларда йирик индустриал иқтисодиётга эга яна қатор давлатлар – Россия, Япония ва Бразилия жойлашган. Бразилия ва Канада асосан гидроэнергетика ҳисобига нисбатан юқори кўрсаткичга эришмоқда. Германия, Жанубий Корея ва Франция ҳам 400-500 тераватт-соат атрофидаги йиллик ишлаб чиқариш билан глобал рейтингда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Кўриниб турибдики, асосан аҳолиси кўп, саноатлашган давлатлар электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунё иқтисодиётида ҳал қилувчи ўрин тутади. Айниқса, Хитой сўнгги ўн йилда электр энергияси ишлаб чиқаришни кескин ошириб, саноат ва экспортга йўналтирилган иқтисодиётини янада мустаҳкамлади. АҚШда эса энергетика тизими диверсификация қилинган бўлиб, табиий газ асосий манба сифатида устунлик қилади ва умумий ишлаб чиқаришнинг салмоқли қисмини таъминлайди. Ҳиндистонда эса энергияга талаб аҳоли сони ва иқтисодий ўсиш сабабли тез суръатда ортиб боряпти. Ушбу мамлакат яқин келажакда йирик энергия бозорига айланиши тайин.
Электр ишлаб чиқарувчи етакчи давлатлар глобал иқтисодий жараённи шакллантиришда ҳам асосий ўрин эгалламоқда. Демак,келгуси йилларда энергетика соҳасидаги рақобат янада кучаяди.
Ишлаб чиқариш билан бирга электр токи қайси манбалар ҳисобидан таъминланаётгани ҳам глобал энергетикада ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Маълумотга кўра, дунё бўйича энергиянинг тахминан 35-36 фоизи кўмир, 22-23 фоизи табиий газ, 15 фоизга яқини гидроэнергетика, 10 фоиз атрофида атом энергияси ва қолган қисми қайта тикланувчи манбалар ҳисобига тўғри келади. Гарчи, анъанавий энергия манбалари ҳамон устувор бўлса-да, яшил энергия улуши йил сайин ортмоқда. Айниқса, қуёш ва шамол энергетикаси сўнгги йилларда жуда тез ривожланяпти.
Хитой бу борада ҳам етакчи: мамлакат ҳам кўмирга таянган энергия тизимини сақлаб қолмоқда, ҳам қайта тикланувчи энергияга мислсиз сармоя киритмоқда. Дунёдаги барча қуёш ва шамол электр станцияларининг асосий қисмига эгалик қилаётган Чин мамлакати глобал яшил энергия ишлаб чиқарувчи асосий давлатга айланган. Тўғри, бу юртда электр токи ишлаб чиқариш учун кўпроқ кўмирдан фойдаланилиши туфайли экология муаммоси жуда долзарб. Умуман, ХХР энергетика сиёсатида икки йўналиш – барқарорлик ва ўсиш ўртасидаги мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда.
АҚШда энергия ишлаб чиқариш тизими муваффақиятли диверсификация қилинган. Табиий газ асосий манба сифатида устун ва умумий ишлаб чиқаришнинг 40 фоиздан ортиғини таъминлайди. Шу билан бирга мамлакатда шамол ва қуёш энергетикаси улуши тез ўсмоқда, айрим штатларда қайта тикланувчи энергия асосий манбага айланмоқда.
Европа давлатлари, хусусан Германия ва Францияда энергетика сиёсати кўпроқ декарбонизацияга таянган, асосий эътибор атом ва қайта тикланувчи энергия манбаларига қаратилмоқда. Францияда энергиянинг асосий қисми атом станцияларидан олинади, Германия эса атом энергиясидан босқичма-босқич воз кечиб, яшил энергияга ўтишни тезлаштирмоқда.
Ҳиндистон ва айрим ривожланаётган давлатларда энергетикага талаб кескин ортаётгани сабабли, кўмир ҳамон асосий манба сифатида сақланган. Бу юртларда саноат ва инфратузилма тез ривожланиб, электр энергиясига эҳтиёж ошмоқда. Шу билан бирга экологик босим ҳам кучаймоқда. Бразилия ва Канада гидроэнергетика ресурсларидан самарали фойдаланиб, нисбатан тоза энергия ишлаб чиқаришда етакчилик қилмоқда. Бундай сиёсат углерод чиқиндисини камайтиришда нисбатан устунлик беради.
Таҳлил глобал электр энергияси ишлаб чиқариш 2024 йил қарийб 4 фоиз ошганини кўрсатмоқда. Ўсишнинг асосий қисми Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Мутахассислар таъкидлашича, келгуси йилларда электр энергиясига эҳтиёж янада ортиб, айниқса рақамли технология, маълумот марказлари ва сунъий интеллект ривожи билан боғлиқ равишда янги босқичга чиқади. Шу боис энергия ишлаб чиқариш нафақат иқтисодий ўсиш, балки технология тараққиёти ва глобал рақобатнинг асосий омилига айланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, етакчи электр энергияси ишлаб чиқарувчи давлатлар дунё иқтисодиёти ва сиёсий жараёнда ҳал қилувчи ўрин эгаллаб, энергия ресурслари устидан назорат бўйича глобал таъсирни белгиламоқда. Қолаверса, энергия манбалари таркибидаги ўзгариш, айниқса яшил энергия улуши ортиши келажакда геосиёсий кучлар мувозанатига ҳам таъсир кўрсатади. Яъни, электр энергияси нафақат иқтисодий ресурс, балки XXI асрнинг стратегик ва геосиёсий қуроли сифатида ҳам аҳамият касб этмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА