Факт ва рақам: Давлат қарзи
Глобал қарз муаммоси ва етакчи давлатлар
Бугунги кунда глобал иқтисодиётнинг энг долзарб ва мураккаб масалаларидан бирига айланган давлат қарзи нафақат иқтисодий барқарорликка, балки сиёсий қарорларга ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Халқаро валюта жамғармаси (IMF), Жаҳон банки ва OECD маълумотига кўра, 2024-2025 йилларда дунё бўйича умумий давлат қарзи 100 триллион доллардан ошган. Бу инсоният тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Мутахассислар пандемиядан кейинги иқтисодий қўллаб-қувватлаш жараёни, инфляция ва геосиёсий инқироз давлат қарзи кескин ўсишига олиб келганини таъкидламоқда. Эндиликда қарз эмас, балки бу рақамнинг иқтисодиётга нисбатан улуши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Давлат қарзини баҳолашда асосий мезон сифатида қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати (Debt-to-GDP ratio) қўлланади. Айнан шу кўрсаткич муайян мамлакатнинг қарзни қайтариш қобилиятини аниқроқ акс эттиради. Сўнгги маълумотга кўра, дунё миқёсида энг юқори қарз юкига эга давлатлар қаторида Япония мутлақ етакчи: ЯИМга нисбатан 250-260 фоиздан кўп. Шунга қарамасдан, кун чиқар юрт ички бозор ва миллий валютага таянадиган қарз тизими туфайли барқарорликни сақлаб турибди. Шунингдек, Греция (170 фоиз атрофида), Италия (140 фоизга яқин) ва АҚШ (120 фоиздан ортиқ) ҳам энг кўп қарздор давлатлар ҳисобланади.
Европа давлатлари орасида ҳам қарз муаммоси долзарб. Бу ҳолат ҳудуддаги иқтисодий мувозанатга таъсир кўрсатмоқда. Франция ва Испанияда ҳам давлат қарзи ЯИМга нисбатан 100 фоиздан юқори даражада эканлиги бюджет сиёсатига босимни кучайтирмоқда. Пандемиядан кейин давлат харажати ортиши ва иқтисодий ўсиш суръати секинлашиши қарз юкини янада оширди. Дарвоқе, қарз кўплиги доим ҳам инқирозни англатавермаса-да, иқтисодий чора имкониятини чеклайди.
Қизиқ жиҳати шундаки, дунёдаги иқтисодиёти энг кучли юртлар ҳам қарзи кўп давлатлар қаторига кирган. Масалан, энг бой ҳисобланган АҚШнинг давлат қарзи 34 триллион доллардан ошган. Бу ҳолат глобал молиявий тизимга сезиларли таъсир кўрсатади. Иқтисодий қудрати ва долларнинг захира валютаси сифатидаги мақоми ушбу мамлакатга қарз юкини бошқариш имконини берган. Демак, қарз даражаси юқорилиги иқтисодий заифликнинг мутлақ белгиси эмас. Давлат қарзининг сабаби ва оқибати мамлакатлар учун турлича намоён бўлиб, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш воситаси ёки молиявий хавф манбаига айланиши мумкин. Ушбу мавзуни таҳлил қилишда ҳажм эмас, тузилиш, манба ва иқтисодиётга таъсир муҳим ўрин тутади. Бошқача айтганда, қарзга ботган мамлакатлар масаласи бир қарашда кўринганидан анча мураккаб.
Энг катта қарздор давлатлар ва хавф омиллари
Давлат қарзи муаммосини чуқурроқ англаш учун қарзи энг кўп давлатларни аниқ рақамлар асосида кўриб чиқиш муҳим, чунки айни маълумот глобал иқтисодий мувозанатни баҳолаш имконини беради. 2024-2025 йиллар таҳлилида қарзининг ЯИМга нисбати бўйича фоиз ҳисобида энг юқори кўрсаткичга эга давлатлар қуйидаги тартибда жойлашган: Япония (250-260), Судан (250), Греция (170), Сингапур (160), Италия (140), АҚШ (120), Франция (110), Испания (105), Бельгия (100) ва Португалия (100). Бу рақамлар IMF, ЖБ глобал иқтисодий таҳлил маълумотига мос келади. Айрим кичик давлатлар ва орол иқтисодиётларида ҳам мазкур кўрсаткич юқори бўлса-да, глобал тизимга сезиларли таъсир кўрсатмайди.
Қизиқ жиҳати шундаки, қарз кўрсаткичи юқори давлатлар икки тоифага бўлинади: иқтисодий жиҳатдан кучли ва барқарор ҳамда иқтисодий хавф остидаги юртлар. Масалан, Япония ва АҚШ қарзи жуда кўп бўлишига қарамай, иқтисодиёти барқарор, молиявий тизими ривожланган ва миллий валютаси кучлилиги боис қарзини бошқара олади. Греция ёки айрим Африка давлатларида эса қарз иқтисодий инқироз хавфини кучайтириши мумкин. Яъни, иқтисодий ўсиш суръати пастроқ бундай ўлкалар ташқи қарзга кўпроқ боғлиқ. Демак, қарз даражаси бир хил бўлса-да, мавжуд таъсир иқтисодий салоҳиятга қараб фарқ қилади.
Қарзни орттирадиган асосий омиллар ҳам турлича: бюджет тақчиллиги, ижтимоий харажат ортиши, ҳарбий сарф, иқтисодий инқироз ва ҳоказо. Масалан, пандемия даврида айрим давлатлар маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун кўп миқдорда қарз олган. Шу билан бирга инфляция кучайиши ва фоиз ставкаси ошиши қарзнинг хизмат харажатини янада оширади. Натижада давлат бюджетига қўшимча босим юкланади.
Экспертлар иқтисодий ўсиш қарз суръатидан паст бўлиши узоқ муддатли жиддий молиявий муаммоларни юзага келтириши мумкинлигини ҳам таъкидлашади.
Айниқса, ташқи қарзга юқори даражада боғлиқ давлатлар учун хавф юқори ҳисобланади. Зеро, бундай юртлар валюта курси ва халқаро бозордаги ўзгаришга жуда сезгир бўлади. Масалан, ривожланаётган давлатларда миллий валюта қадрсизланса, ташқи қарзни қайтариш янада қийинлашади ва бу пул синиши хавфини оширади. Шу сабабли, халқаро молия институтлари бундай давлатлар учун қарз барқарорлигини таъминлаш чораларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бинобарин, қарз муаммоси нафақат иқтисодий, балки сиёсий аҳамиятга ҳам эга.
Хулоса шуки, дунё бўйлаб энг кўп қарзи бор давлатлар мавзуси фақат рақамлар билан таҳлил қилинмайди. Бу масала замирида мураккаб иқтисодий ва сиёсий жараён ётади. Яъни, давлат қарзини баҳолашда фақат миқдор эмас, балки иқтисодиётга таъсир ва бошқариш имконияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Демак, глобал иқтисодиётда қарз муаммоси келгуси йилларда ҳам долзарб бўлиб қолаверади.
Мусулмон Зиё, ЎзА