Эзгулик ва савоб ишлар: эҳтиёжмандларга кўмак кучайтирилмоқда
Жамиятда инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд қатламларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва хайру саховатни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Айниқса, халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган Қурбон ҳайити кунларида бу тамойиллар янада яққол намоён бўлади.
Қурбон ҳайити муносабати билан қабул қилинаётган ҳужжатлар айнан шу эзгу мақсадларга хизмат қилади. Унда тиббий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, етим болалар ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, диний ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар илгари сурилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Қурбон ҳайити муносабати билан кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётларини, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш режалаштирилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 8000 мингдан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандларининг омонат ҳисоб варақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилади. Бундан ташқари, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами билан таъминланади. Мазкур чора-тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан молиялаштирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА