Европа ва Киевнинг беш талаби (+видео)
Буюк Британия, Франция ва Германия раҳбарлари ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский Лондондаги учрашувда Россияга босимни кучайтириш ва Украинада адолатли ҳамда барқарор тинчликка эришиш шартларини муҳокама қилди, деб хабар қилди DW нашри.
Учрашувда Россия иқтисодиётига босимни ошириш, Украинага ҳарбий ёрдамни кенгайтириш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракета ишлаб чиқариш ва узоқ масофага зарба бера оладиган қуроллар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Европа етакчилари ва Зеленский Украинада барқарор тинчлик ўрнатиш учун бешта асосий шартни белгилади. Биринчидан, жанг ҳаракатлари тўхтатилиши керак, халқаро чегаралар куч билан ўзгартирилмаслиги ва Украина ўз хавфсизлик сиёсатини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Ўт очиш тўхтатилгандан сўнг Украинага халқаро ҳуқуқий хавфсизлик кафолатлари берилиши, жумладан кўп миллатли кучлар жойлаштирилиши керак.
Шунингдек, Россия активлари уруш тугамагунча ва етказилган зарар қопланмагунча музлатилган ҳолда қолади, ҳамда барча келишувлар Европа хавфсизлиги манфаатларини ҳам ҳисобга олиши лозим.
4 июнь куни Зеленский Россия президенти Владимир Путинга очиқ мактуб йўллаб, урушни тугатиш ва шахсий учрашув учун аниқ сана белгилашни таклиф қилди. Шунингдек, музокараларга Европа ва АҚШ ҳам қўшилиши мумкинлигини билдирди.
Путин эса бу таклифга жавобан ҳозирча бундай учрашувдан маъно кўрмаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳарбий ҳаракатлар бир кун келиб якунланади ва Россия ўз олдига қўйган мақсадларга эришади.
<iframe width="484" height="860" src="https://www.youtube.com/embed/HLJl98WWis8" title="YEVROPA VA KIYEVNING BESH TALABI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА