Европа тажрибаси томорқачилик ривожига хизмат қилмоқда
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, деҳқон хўжаликлари иқтисодий салоҳиятини ошириш ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни ривожлантиришга қаратилган халқаро амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Европа давлатларининг илғор тажрибалари маҳаллий деҳқон ва фермерларга тақдим этилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, масъул ҳудудий ташкилотлар билан бирга ташкил этилган тадбир Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий салоҳияти ва самарадорлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унда деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, томорқа ер эгалари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари вакиллари, кооператив раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Янгийўл туманидаги “Yangiyo‘l Agro Star” иссиқхона мажмуасида бўлиб ўтган семинарда маҳсулот етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва ташқи бозорга чиқаришгача бўлган жараёнларда қўшилган қиймат занжирини шакллантириш, кооперацияни ривожлантириш ҳамда замонавий агротехнологияларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан Европа мамлакатлари тажрибасига асосланган амалий тақдимотлар ўтказилиб, иштирокчилар билан очиқ мулоқот қилинди.

Семинар доирасида Латвия делегацияси аъзолари Янгийўл туманининг “Бунёдкор” маҳалласидаги замонавий иссиқхоналар фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича йўлга қўйилган ишлар намойиш этилди.

Шунингдек, меҳмонлар “Дархон” маҳалласида гулчиликка ихтисослашган 230 та аҳоли томорқасини кўздан кечирди. Айни пайтда 18 гектар майдондаги иссиқхоналарда гулларнинг 100 дан ортиқ нави парваришланмоқда. Мазкур йўналишда ҳар гектар ердан ўртача 350–380 миллион сўм даромад олинаётгани томорқачиликни юқори даромад манбаига айлантириш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, интенсив технологияларни кенг жорий этиш, кооперация асосида ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш орқали ҳудудда томорқачилик ва гулчилик йўналишини янада ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш кўзда тутилган.
А.Мусаев,ЎзА.