Эстония Россия чегараси яқинига қўшин сафарбар этмоқда
Эстония қуруқликдаги кучларининг асосий жанговар бўлинмаси ҳисобланган 1-пиёда бригадасини Россиянинг эҳтимолий ҳужумига тезкор ва самарали жавоб қайтариш мақсадида чегарадан 50 километрдан камроқ масофада жойлашган янги, кенгайтирилган ҳарбий базага кўчирмоқда.
Бригада қўмондони Тармо Кундла “Financial Times” нашрига маълум қилишича, бўлинма Тапа шаҳридаги базасидан Россия билан чегарадош Нарва шаҳри ғарбида жойлашган Йихви шаҳрига кўчирилади. Аҳолисининг аксари рус тилида сўзлашадиган Нарва шаҳри географик жойлашуви ва Кремль ташвиқотида тез-тез тилга олиниши сабабли гибрид ёки тўғридан-тўғри ҳарбий ҳужумнинг эҳтимолий нишонларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Таъкидланишича, бу галги кўчиш ҳарбий стратегия туб бурилиши билан боғлиқ бўлиб, Эстония НАТО низоми 5-моддаси ва минтақадаги иттифоқчилар ҳаво кучларига таянган ҳолда “фаол мудофаа” позициясига ўтяпти. Бу эса тажовуз содир бўлган илк дақиқаларданоқ чегарада жангга киришиш ва Россия ҳудуди ичкарисидаги нишонларга дарҳол зарба бериш имконини яратади.
Тўғри, Москва Украинадаги тўлиқ миқёсли урушнинг қарийб беш йили давомида ўз стратегик мақсадларига эриша олмаяпти. Шунга қарамасдан, ушбу низо НАТО шарқий қанотидаги мамлакатларни мудофаа харажатини кескин ошириш ва ҳарбий доктриналарини қайта кўриб чиқишга мажбур қиляпти. Айниқса, АҚШ маъмурияти томонидан Европа хавфсизлиги кафолати ҳамда Шимолий Атлантика альянси низомининг юқорида айтиб ўтилган моддасига нисбатан билдирилган шубҳа минтақа давлатларида хавотирни кучайтирди. Хусусан, 2026 йил Эстония мудофаа бюджетини рекорд даражада – 42 фоиз ошириб, 2,4 миллиард евро, яъни ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 5,4 фоизига етказди. Шу маблағ ҳисобидан АҚШ ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий ракета тизими харид қилинмоқда.
Эстония Мудофаа вазирлиги мулозимлари таъкидлашича, сўнгги 10 йил ичида мудофаа режаси деярли ўзгармай келган эди. Энди Россия чегарада ўз кучларини икки баробар кучайтиришни режалаштирган бир пайт Эстония ҳам мудофаа тизимидаги кўплаб йўналишларни тубдан ўзгартиришга мажбур бўлмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА