4 қаватли умумий овқатланиш жойи билан хонадон орасидаги энг яқин масофа 5 метр бўлгани сабабли орадан на Тез ёрдам машинаси ўта олади ва на ёнғин машинаси.
Шунга қарамай, ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мазкур қурилишга қандай розилик бергани ҳам одамни ҳайрон қолдиради.
Тошкентда олиб борилаётган қурилишдаги ўзгаришларни баъзи мақтовга ўч журналистларимиз айтганидек, ҳақиқатан мўъжизавий, деб аташ мумкин. Кутилмаганда, эшигингиз ёнида катта ёки умумий овқатланиш объекти қад ростлаши ҳақиқатан мўъжиза бўлмай нима?
Уйдан чиқасиз-у 6 қадам ташлаб, савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат биносига кириб кетасиз. Машина ҳам шарт эмас. Чунки савдо марказлари туфайли уйингиз автотураргоҳига машинада кириб чиқа олишингиз сўроқ остида қолган. Марказларнинг "марҳаматли" сояси остида уйингизга асло, қуёш нурлари "мўраламайди", шамол ҳам сизни четлаб ўтади.
Уйда ўтириб бир пиёла чой устида, марказга келганларни томоша қилиш мумкин. Улар эса ўз ўрнида сизни ва рафиқангиз билан тонгда хайрлашаётганингизга гувоҳ бўлиши ҳеч гап эмас.
Бизга шикоят қилган "Нурафшон" кўчаси, «Илғор» маҳалласи фуқаросининг айтишича, у бугун ана шундай «мўъжизавий» муаммолар қаршисида қолган.
Биз мазкур манзилга чиқиб гувоҳ бўлдикки, фуқаронинг турар жойидан 6 қадам нарида 4 қаватли янги объект қурила бошлаган. Янги объект “MARJA-ASHYO SAVDO" масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлиб, у савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат биносидир. Бино ҳақида маълумот қурилиш жойига осиб қўйилмаган.
Бизга шикоят қилган фуқаро қурилаётган ушбу объект ҳақидаги маълумотни интернет орқали излаб топган. Унга девор-дармиён қўшни бўлаётган савдо маркази вакиллари нима учундир очиқ кўрсатиши лозим бўлган маълумотни яшириб келган.
Фақатгина хонадон эгаларига бино қад ростлай бошлагач, тадбиркорлар қурилиш чизмасини кўрсатишга қарор қилганлар. «Илғор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро савдо маркази унинг уйига ўта яқинлиги сабаб санитария ва ёнғин хавфсизлиги меъёрлари бузилаётганидан хавотирда.
Фуқаронинг айтишича, «янги қўшнилари» уларни ҳокимиятда «орқаси» борлиги билан таҳдид қилган. Бугун хонадон эгалари шаҳарсозлик меъёрларини бузмаган ҳолда улардан 5 метр нарига ойна деворли тўрт қаватли бино қурилаётганидан ҳайратда. Бу дахлсизлик ҳуқуқини чеклаш эмасми, ёнғин хавфсизлиги оралиқ масофа қаерда қолди?
Биз фуқаро уйи ёнига қурилаётган объект ва унинг эгалари томонидан хонадон эгасига қилинган таҳдид бўйича Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати раҳбарига мурожаат этдик.
ҲОКИМИЯТ НИМА ДЕЙДИ?
Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев муаммони тинглагач, ўша заҳотиёқ вазиятни ўрганишга қарор қилди. У қурилаётган жойга келиб, ким шаҳар ҳокими номи билан иш қилаётганини муҳокама қилди ва ҳеч ким таҳдид билан қурилиш қилмаслигини, жой аукционда сотилгани ва бунга шаҳар ҳокимиятини аралаша олмаслигини маълум қилди.
САРГУЗАШТЛАР...
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматидан тегишли жавобни олгач, "Нурафшон" кўчасида аукционга қўйилган жой бўйича маълумот олиш учун бир қанча вазирлик ва ташкилотларга мурожаат қилишимизга тўғри келди. Якунда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси, Қурилиш вазирлиги, электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази томонидан вазиятга Тошкент шаҳар ҳокимияти алоқаси бўлмаслигининг иложи йўқлигини аниқладик. Бироқ... Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари «Мазкур муаммода ҳокимият аралаша олмайди. Акс ҳолда, тадбиркорга тўсқинлик қилиш, унга халақит беришда айбланишимиз мумкин», дея тушунтириш берди.
Хонадондан 5 метр узоқликда 4 қаватли ресторан қурилиши мумкин ёки мумкин эмаслигини изоҳлашни истамади.
Қурилиш вазирлиги хонадон ва 4 қаватли ресторан орасидаги масофа 5 метр бўлишини тасдиқлади, бироқ…
Биз Қурилиш вазирлигига хонадон ва 4 қаватли савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат биноси орасидаги масофа 5 метр бўлиши қурилиш меъёрларига тўғри келиш-келмаслигини аниқлаштириб беришини сўраб мурожаат қилдик. Вазирлик эса бизга қуйидагича жавоб берди.
«Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилиб, лойиҳадаги бинонинг мавжуд якка тартибдаги турар-жой бинолари бинолар билан оралиқ масофалари сақланганлиги, ШНК 2.07.01-03* меъёрий талаблари асосида лойиҳаланганлиги ҳамда келажакда "Нурафшон" кўчасининг бўйида ўрта ва кўп қаватли бинолар қурилиши режалаштирилганлиги сабабли, автотураргоҳ ўрни ташкил этиш ҳамда қурилиш чизиғини инобатга олган ҳолда, Санитария эпидемиология осойишталик маркази ва Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хулосалари талаблари асосида лойиҳа ишларини давом эттириш учун 2020 йил 7 августдаги 31-1723/А-сонли хулоса билан келишилган.»
Вазирлик Тошкент шаҳар ҳокимлиги жавобига асосланиб қурилишда оралиқ масофалари сақланганлиги, қурилиш объекти ШНК 2.07.01-03* меъёрий талаблари асосида лойиҳаланганини айтмоқда. Аммо, ШНК 2.07.01-03* меъёрий талабларида эса нотурар жой ва турар жой орасидаги масофа (агар нотурар жой 4-5 қаватдан иборат бўлса) 25-30 метр бўлиши кераклиги кўрсатилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар қурилиш соҳаси назорат инспекцияси 25-30 метр билан 5-6 метр орасидаги фарқни сезишмайдими? Балки, ушбу меъёрларга риоя қилиш ихтиёрийдир? Бу кесатиқ эмас.
Ҳақиқатан ШНК 2.07.01-03* меъёрий талаблари ихтиёрий меъёрларга ўхшайди. Чунки нотурар жой ва турар жой орасидаги масофа (агар нотурар жой 4-5 қаватдан иборат бўлса) 25-30 метр бўлиши кераклиги кўрсатилган талаб тагида изоҳ мавжуд бўлиб, у барча талабларни шунчаки йўққа чиқаради.
Шаҳарсозлик меъёрларида оралиқ масофалар аниқ кўрсатилган, бироқ қўшимча изоҳ билан яна табиий шароитга кўра бошқача бўлиши мумкинлиги ёзилган. Табиий шароитга кўра, дейилган қўшимча изоҳ ҳокимиятда танишингиз ишласа ёки "узатсангиз" сизнинг фойдангиз учун ишлайверади деганга ўхшайди.
ЖАВОБСИЗ ҚОЛАЁТГАН САВОЛЛАР...
"Нурафшон" кўчасида қурилаётган савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат биносининг қурилиш чизмасида хонадон ва қурилиш объекти орасидаги масофа 32 метрлиги кўрсатилган. Бироқ амалда орадаги энг яқин масофа 5 метрни ташкил этмоқда. Бу икки хил кўрсаткични қурилиш объектини назорат қилаётган Тошкент шаҳар қурилиш назорат инспекцияси қандай изоҳлай олади?
Шунингдек, Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар қурилиш соҳаси назорат инспекциясига 2020 йил 19 августда мазкур жойда қурилиш ишларини бошлаш учун хабарнома юборилгани маълум қилинган. Аммо, “Marja-Ashyo savdo” МЧЖ шу йилнинг 12 августида "Нурафшон" кўчасида қурилиш ишларини бошлаб юборган эди.
4 қаватли умумий овқатланиш жойи билан хонадон орасидаги энг яқин масофа 5 метр бўлгани сабабли орадан на Тез ёрдам машинаси ўта олади ва на ёнғин машинаси. Шунга қарамай, ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мазкур қурилишга қандай розилик бергани ҳам одамни ҳайрон қолдиради.
Қолаверса, ёнғин идораси ходими хонадон биноси тахтадан бўлгани сабабли нотурар жой билан оралиқ масофа 5 метр бўлиши ёнғин қоидаларига зид эканлигини таъкидлади. Бироқ, ўзи ишлаётган идора кўрсатмасига очиқ қарши чиқиш, ишсиз қолишлик билан якунланишини айтиб, исм-фамилиясини айтишни истамади.
ВАЗИЯТГА МОС ТАЛАБ...
ШНК 2.07.01-03* меъёрий талаблари вазиятга мослашадиган талабга ўхшайди. Бу талабларни шароитга қараб бузиш мумкин бўлса, уни «талаб», деб аташнинг ўзи ноўрин. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, «Адолат» социал демократик партияси аъзоси, Обиджон Латипов ШНК 2.07.01-03* меъёрий талаблари қўшимча изоҳлар билан тўлдирилгани сабабли ҳам Тошкентда хонадон эгалари ва тадбиркорлар ҳам жабр кўраётганини айтди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов қонун ва меъёрлардаги «ёхуд» деган сўз ва қўшимчаларни олиб ташлаш кераклигини ва бу изоҳлар коррупцияга етаклашини агентликнинг илк матбуот анжуманида маълум қилган эди.
Анора Содиқова, ЎзА