Тадбиркор қураётган иморат ноқонунийми?
Таҳририятимизга Қашқадарё вилояти Китоб шаҳри Алиқуччи маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар номидан маҳаллада тадбиркор томонидан ноқонуний иморат қурилаётгани ва бу аҳолига ноқулайлик туғдираётгани хусусида мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида манзил сари йўлга тушдик.
Туман марказида жойлашган ушбу манзилга торроқ йўлаклардан кириб бордик. Мурожаатчилар таъкидлаётган қурилиш ҳақиқатда одамларнинг уйига яқинроқ жойлашган ва ҳозирда подвал қисми қурилган. Ушбу қурилишга яқин жойда 5-6 та хўжалик яшамоқда ва уларнинг дарвозалари ўша томонга қараган.
Маълум бўлишича, тадбиркор катта кўча бўйидаги 80 ўринли эски маиший хизмат кўрсатиш биносини анча йиллар олдин хусусийлаштириб олган. Шу бинонинг орқа томонида каттагина майдонча яъни ҳозир қурилиш бўлаётган жой мавжуд бўлган ва аҳоли ундан болалар майдончаси сифатида фойдаланиб келган. Баъзан катта-кичик тадбирлар ҳам ўтказилган. Хуллас бир қарашда аҳолига хизмат қилган, аммо ҳеч кимнинг балансида бўлмаган очиқ майдон бўлган. Тадбиркор эса хусусийлаштириб олган бинонинг биринчи қаватида спорт соғломлаштириш маркази ташкил қилиш ва унга қўшимча бино қуриш мақсадида халқ фойдаланиб турган очиқ майдонни қонуний ўзлаштириб олган.
– Шу маҳаллада 30 йилдан буён яшаймиз, – дейди Орзугул Қурбонова. – Бу жойдан болаларга майдонча қилиб беришни мақсад қилган эдик. 2022 йил сентябрь ойидан спорт комплекси қурилишини бошлашди. Туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Дарвозамизнинг тагигача иморат қуриб қўйишди. Бу ҳам етмагандек, тумшуғимизнинг тагидан ҳожатхона ва чиқинди сувлари учун ҳовуз қуришмоқда. Бу устимиздан кулиш эмасми. Биз ҳам инсонга ўхшаб яшашимиз керакку.
Ҳақиқатда ҳовлилардан чиқишингиз билан ямага дуч келасиз. Наҳотки, эртага ундан тарқаладиган бадбўй ҳиднинг ножўя оқибатлари ҳақида ҳеч ким ўйламаса.
– Ҳозир тадбиркор 2018 йилда чиқарилган туман ҳокимининг қарорини дастак қилиб олган. Аслида ўша қарорнинг ўзи ноқонуний, – дейди Хуршид Равшанов. – Болаларимизнинг ўйнайдиган майдончаси бўлса, бешта хонадонга шу ердан кириб чиқилади. Тўйимиз бор, аъзамиз бор. Орқамиздан меҳмон келади. Машинасини қаерга қўяди. Ҳатто кирса қайрилиб олиши қийин. Худо кўрсатмасин ёнғин ўчириш машинасику умуман яқинлаша олмайди. Кейин бу қарорни чиққанига 4,5 йил бўлган. Қарордан кейин 3 йил ичида қурилиш қилинмаса қарор ўз кучини йўқотар экан. Бу 4,5 йил деганда бошлаяпти. Умуман олганда пешанамизни тепасидан иморат қуриш учун атрофдаги яшайдиган одамларнинг розилигини ҳам олиш керакми, йўқми. Биз тадбиркор қурилишни бошлагандан кейин бундан хабар топдик. Йўл ёпилган, болалар майдончасини эгаллаб олган, техника келишга имконият йўқ. Бу масала бўйича ҳокимни қабулига бордик. Масъуллларига топшириқ берди. Ўрганинглар деди. Бир ҳафта кутдик. Кейин қачон келиб кетганини ҳам билмаймиз. Изидан хат келди. Ушбу қурилиш қонуний деган. Бу қурилиш эмас, балки унга рухсат бераётган туман ҳокими қарорининг ўзи ноқонуний чиққан. Бу кетишда бўлса, эрта бизнинг ҳовлимизни ҳам бузиб иморат қуриб ташлайдида. Шаҳар атрофига спорт комплекси қуриш учун ер камми. Захира ер деяпти. Қанақа захира ер бўлиши мумкин. Маҳалла гузарини ери бу. Юз фоиз ишонч билан айтаманки, бу масалага коррупция аралашган.
[gallery-11333]
Мурожаатни ўрганар эканмиз, ҳолатдан аҳолининг кескин норози эканини кўриш мумкин. Ушбу масала юзасидан масъуллардан ҳам изоҳ сўрадик.
– Саволингизга жавоб берадиган бўлсам, 2018 йилда фуқаро туман ҳокимлигига ер ажратиш тўғрисида мурожаат қилган, – дейди Китоб тумани қурилиш бўлими мутахассиси Маъруф Баҳриддинов. – Бу шаҳарни бош лойиҳасини тайёрлаган ташкилотга юборилган. Уларнинг рухсати олингач, бошқа тегишли ташкилотларнинг ҳам рухсати олинган ва шу ҳужжатларга таяниб туман ҳокимининг қарори чиққан. Хуллас, тадбиркорнинг ҳамма ҳужжатлари қонуний. Бу ердан спорт соғломлаштириш маскани қуряпти. Ер кодексига биноан 3 йил ичида бошлаш керак, аммо карантин туфайли чўзилиб кетган. Туман ҳокимнинг қарорини бекор қилиш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Бунинг учун норози томонлар судга мурожаат қилиши керак.
Узоқ чақирувдан кейин қурилишни амалга ошираётган тадбиркор ҳам етиб келди. Бир дунё ҳужжатларни бизга кўрсатди.
– Кўриб турганингиз маиший хизмат кўрсатиш биноси ичида бизга тегишли жойимиз бор, – дейди тадбиркор Авлоқул Султонов. – Ўшанга қўшимча спорт соғломлаштириш қиламиз деган эдик. Қилаяпмиз ҳам. Қўлимда ҳамма ҳужжатлар мавжуд. Бу ердаги қурилиш аҳолига халақит бермайди. Қурилиш тугагач атрофи тўлиқ ободонлаштирилади. Мана ҳозирнинг ўзида ҳам катта-катта техникалар бемалол кириб келиб ишини бажариб кетяпти.
Хуллас, тадбиркор қурилишни бажариш учун барча ҳужжатлари борлигини таъкидлайди, аҳоли эса ҳаммаси ноқонунийлигини, эрта бино қурилиб битгач улар учун турли муаммолар юзага келишини, кириб чиқишга қийналаётганини таъкидлайди.
Ҳужжатларга қарасак, тадбиркор ҳақдек. Аммо у ердаги аҳволни кузатсак одамларнинг гапларида ҳам жон бордай. Виждонимизга қулоқ солсак, кўп нарсалардан қайтган бўлармидик, аммо афсуски виждон амри ҳуқуқий баҳо беришга етмайди. Хулоса ўзингиздан.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.