Эрон ядровий шартномадан чиқишга тайёрланмоқда (+видео)
Эрон парламентида мамлакатнинг Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқиши ҳақида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда парламент раиси ўринбосари Али Некзод маълум қилди, дея хабар бермоқда "TRT" телеканали.
Таъкидланишича, ҳозирда ташаббуснинг халқаро оқибати кўриб чиқиляпти. Қонун лойиҳасини ялпи мажлис муҳокамасига шошилинч тартибда киритиш режалаштирилган. Демак, депутатлар масалани ўша куннинг ўзидаёқ кўриб чиқади.
Шунингдек, мулозим мамлакат Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) ва унинг бош директори Рафаэль Гроссига ишонмаслигини билдирди. Эрон ўтган йил сентябрь ойида агентлик билан ҳамкорликни тўхтатганини эслатиб, Гроссининг ҳаракатини бир томонлама ва ишончсиз, деб атади.
- У шундай тоифа одамки, келади, текширув ўтказади, бизни мақтайди ва кетгандан кейин бизга қарши салбий ҳисобот тайёрлайди, — деди парламент раиси ўринбосари.
Теҳрон Ядровий қурол тарқатмаслик шартномасидан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан кейин Россия бундай қадамга қарши чиқди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Ислом Республикаси шартнома доирасида қолишига умид қилаётгани, битимни ядровий қурол тарқатмаслик асоси, деб ҳисоблашини айтди.
Кремль вакили Эроннинг ядро қуроли яратиш режаси йўқлиги, тинч мақсадда атом энергетикасини ривожлантириш ниятини бир неча бор тасдиқлаганига ҳам эътибор қаратди.
Бир кун аввал Эроннинг собиқ ва амалдаги бир гуруҳ амалдорлари Ядровий қурол тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома доирасидаги ҳамкорликни зудлик билан тўхтатиш ва келишувдан имкон қадар тезроқ чиқишга чақирган эди. Мурожаат муаллифлари ҳужжатда аъзо бўлиб қолиш ўлка манфаатига мос эмаслигини таъкидлаб, шартномадан чиқишни “стратегик зарурат” деб атаган.
Кенжа Бекжонов,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА