Эрон Ҳурмуз бўғозидан ўтаётган кемаларни огоҳлантирди
Эрон ҳарбий-денгиз кучлари Ҳурмуз бўғозининг шарқий қисмида нефть ташувчи танкер денгиз минасига урилиши оқибатида ёнғин келиб чиққанини маълум қилди.
Таъкидланишича, танкер навигация ва идентификация тизимларини ўчирган ҳолда ҳаракатланиш тақиқланган ҳудуддан ўтишга уринган.
Минага урилиш оқибатида кемада ёнғин бошланган ва у ҳаракатни давом эттира олмаган. Эрон томони хавфли ҳудудлардан белгиланган тартибларга риоя қилмасдан ўтишга уринаётган кемаларни шундай оқибатлар кутиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Кеча Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси яна икки нефть танкери Ҳурмуз бўғози ва унга яқин ҳудудларда минага урилиб, ёнғин чиққанини билдирган. Эрон томонининг таъкидлашича, мазкур кемалар ҳам навигация тизимларини ўчириб, рухсат этилмаган йўналишлардан ҳаракатланган.
Ҳозирча кемаларнинг номи, қайси давлатга тегишли экани, экипаж аъзоларининг аҳволи ва етказилган зарар миқдори ҳақида тўлиқ маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳурмуз бўғози жаҳон нефть ва табиий газ ташувларида муҳим стратегик аҳамиятга эга. Минтақадаги ҳарбий-сиёсий кескинлик халқаро денгиз қатнови хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
А.Маматов, ЎзА