Эрон баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни қайта тикламоқда
“The Wall Street Journal” нашри ёзишича, Эрон ракета ишлаб чиқариш объектлари вайрон қилинганига қарамай, баллистик ракеталарни қайта йиғишни бошлаган.
Ҳозирда Теҳрон яқинидаги “Хожир” ер ости мажмуасида фаоллик кузатилмоқда, мутахассислар у ерда ракета тизимларини йиғиш устида ишламоқда. Таъкидланишича, бу жараёнда асосан, ракета корпуслари, бошқарув тизимлари ва жанговар каллаклардан фойдаланилмоқда.
Экспертлар фикрича, Вашингтон билан муайян келишувга эришилгач, ишлаб чиқариш суръати пасайганига қарамай, мавжуд захиралар Теҳронга камида 200 та баллистик ракета йиғиш имконини беради.
Ҳаво ҳужумлари Эроннинг ишлаб чиқариш қувватлари ва бутловчи қисмларни хориждан олиб келиш имкониятларига жиддий путур етказган бўлса-да, мамлакат ракета дастурини тиклашда давом этмоқда.
Теҳрон нафақат мавжуд захиралардан фойдаланмоқда, балки ҳаво зарбаларидан ҳимояланган янги ер ости иншоотлари ва йиғиш майдончаларини ҳам барпо этмоқда. Эроннинг ракета инфратузилмаси турли ҳудудларга, хусусан, ер ости мажмуаларига тарқатилгани сабабли уни тўлиқ йўқ қилишнинг имкони бўлмаган. Салоҳиятни тиклашга бўлган бу каби уринишлар баллистик ракеталар дастури ҳали ҳам Эроннинг ҳарбий стратегиясида марказий ўрин тутишини англатмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА