Эрон АҚШга Ҳурмуз бўғозини очиш эвазига урушни якунлашни таклиф қилди (+видео)
Эрон АҚШга Ҳурмуз бўғозини очиш ва урушни тугатишни таклиф қилди, деб хабар берди DWнашри.
Шу билан бирга Эрон томони ядровий дастур бўйича музокараларни кейинги босқичга қолдиришни илгари сурган. Бу ҳақда Axios нашри ҳам манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Эрон ядровий масала бўйича музокараларни кечиктириш эвазига келишувга тезроқ эришиш мумкин, деб ҳисобламоқда.
“Бу таклиф муаммони четлаб ўтиб, тезроқ келишувга эришиш имконини беради”, — дейилади мақолада.
Бироқ мутахассисларнинг фикрича, Ҳурмуз бўғозининг очилиши АҚШ учун дастак бўлиб турган босим воситасини йўққа чиқариши ҳам мумкин.
Манбаларга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп 27 апрель куни миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчилари билан Эрон масаласини муҳокама қилади. Ушбу учрашувда музокараларнинг тўхтаб қолгани ва кейинги қадамлар кўриб чиқилади.
Маълумотига кўра, Эрон томони АҚШга музокараларни уч босқичга бўлишни таклиф қилган:
биринчиси, урушни тўхтатиш ва Эрон ҳамда Ливан учун кафолатлар бериш;
иккинчиси, Ҳурмуз бўғозини бошқариш масаласини ҳал қилиш ва учинчиси Эрон ядровий дастури бўйича келишув.
Манбаларга кўра, Теҳрон биринчи икки босқич ҳал этилмагунча ядровий масалани муҳокама қилишдан бош тортмоқда.
АҚШ томонидан билдирилишича, музокаралар тўхтаб қолган, Трамп эса босимни кучайтириш ниятида Ҳурмуз бўғози бўйича чекловларни давом эттиришни кўзламоқда. Унинг фикрича, бу Эронни музокараларда ён беришга мажбур қилади.
Хабарингиз бор, Трамп АҚШ вакилларининг Исломободга боришини бекор қилинганини маълум қилди. У музокаралар учун узоқ сафар қилишни самарасиз деб ҳисоблаган.
Айни дамда, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, АҚШ билан музокаралар ва минтақавий вазиятни муҳокама қиляпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jMwspzMhLCA" title="Eron AQShga Hurmuz bo`g`ozini ochish evaziga urushni yakunlashni taklif qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА