Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси инспекторлари томонидан шаҳар ва туманларда ер майдонларидан фойдаланиш юзасидан мониторинг ва назорат ишлари олиб бормоқда.
Ер майдонларидан нотўғри фойдаланишнинг олдини олиш чора-тадбирлари доирасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот ва тақдимномалар тарзида киритиб борилмоқда.
– Якунланиб бораётган йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят бўйича 1 минг 453 та ҳолатда, жами 756 гектар ер майдони юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Нурали Мамасияев. – Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, 530 та ҳолатда уй-жой қуриш, 261 та ҳолатда нотурар жой бинолари барпо этиш мақсадида ер майдонларидан ноқонуний фойдаланилган.
Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан дарахтзорлар, балиқ ҳовузлари яратиш учун ер майдонларига эга чиққан шахслар ҳам йўқ эмас.
Мутасадди ташкилот ходимлари бу ҳуқуқбузарликларга нисбатан огоҳлантириш хатлари билан чиққан. Натижада 1 минг 52 та ҳолат ихтиёрий бартараф этилиб, 610 гектар ер майдони давлат ихтиёрига қайтарилди. 204 та ҳолат бўйича судларга даъво ариза киритилди ва 1 минг 406 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан жами 6 миллиард 362 миллион 244 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
А.Қаюмов, ЎзА