Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасида “Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади” деб белгилаб қўйилган.
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш қонунга хилоф деб ҳисобланади.
Ваҳоланки, бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўлади.
Кадастр агентлиги Фориш туман бўлими томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ердан мақсадли фойдаланиш устидан давлат назоратини ўрнатиш борасида режали ишлар амалга оширилмоқда.
Афсуски, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлса-да, айрим фуқаролар томонидан ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари борлигини инкор қила олмаймиз.
Фориш туманида ўтказилган ер назорати тадбирлари натижасида 60 та ҳолатда 16,1 гектар ерни ноқонуний равишда ўзлаштириб олиш ҳолати аниқланди.
Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини содир этганларга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди. Ерга эгалик бўйича қонунбузилишини содир этган Фориш туманидаги ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда жарима жазолари тайинланди.
А.Қаюмов,
ЎзА