Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг бугун ўтказилган йигирма учинчи сессиясида камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.
Аҳолини камбағалликдан чиқариш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилиниб, эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар қайд этилди. Хусусан, Кенгаш раиси Э.Турдимов вилоят Кенгашининг ҳар бир депутатига 50 миллион сўмдан маблағ ажратишни таклиф қилди.
Депутатлар ўз округидаги камида 10 та камбағал оила рўйхатини шакллантиради ва бу хонадонларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши, имтиёзли кредит ажратилишини назоратга олади. Ушбу маблағ ҳисобидан уларга ёрдам беради.
Шунингдек, депутатлар камбағалликдан чиқариш бўйича бажарилаётган ишлар натижадорлигини мониторинг қилиб, йўналишлар кесимида ўз таклифларини бериши таклиф қилинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА