Эркин Аъзам – халқаро мукофотга номзодлар сафида
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам Буюк Британиянинг «Hertfordshire Press» нашриёти томонидан «Heirs to the Great Sinner Sheikh San’on» («Буюк осий Шайх Санъон ворислари») китоби учун «Ўз авлодининг энг яхши ёзувчиси» номинациясида «Hertfordshire Press Award: Best of a Generation» юбилей мукофотига номзод сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар қилмоқда.
Ушбу номинация мазкур мукофот тарихида алоҳида ўрин тутади. Халқаро юбилей мукофоти машҳур нашриётнинг бутун бир авлод учун интеллектуал ва адабий меросини шакллантирган адиблар, китоблар ва ғояларга бағишланган.
“Hertfordshire Press Award” тантанали тадбирлари шу йил 3-5 декабрь кунлари Лондонда бўлиб ўтади. Маросимларда таниқли адиблар, маданият ва фан арбоблари, рассомлар ҳамда халқаро ҳамжамият вакиллари иштирок этади.
Қайд этиш жоизки, атоқли адиб Эркин Аъзамнинг «Heirs to the Great Sinner Sheikh San’on» («Буюк осий Шайх Санъон ворислари») китоби Буюк Британияда 2017 йили чоп этилган. Роман, қисса ва ҳикоялардан иборат ушбу салмоқли китобни таниқли мутаржимлар Аъзам Обид ва Кэрол Ермакова Шекспир тилига ўгирган.
Китоб тақдимоти ўз вақтида ЮНEСКО шафелигида дунёнинг йирик маданият марказлари – Париж, Вашингтон, Лондон шаҳарларида атоқли ёзувчилар, адабиётшунослар, дипломатлар, маданият ва сиёсат арбоблари иштирокида ўтказилган ва юксак баҳога сазовор бўлган.
Мазкур китоб қароргоҳи Буюк Британия пойтахтида жойлашган инглиззабон Salvertjournal.com нуфузли интернет журналида 2021 йили эълон қилинган ўзига хос халқаро рейтинг – Марказий ва Шарқий Европа, Россия ва Марказий Осиё адибларининг юзта асари рўйхатидан ҳам муносиб жой олган эди.
ЎзА