Эркин Аъзам асарлари Туркия китобхонлари эътиборида
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз ижодкор Эркин Аъзам ижоди нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам қизиқиш уйғотиб келмоқда.
Адибнинг ўзига хос бадиий услуби, инсон руҳияти ва ҳаёт ҳақиқатларини маҳорат билан акс эттирган асарлари бир қатор хорижий тилларга таржима қилиниб, чет эллик китобхонларга тақдим этилган.

Маълумотларга кўра, Эркин Аъзам асарлари рус, инглиз, француз, украин, беларусь, қозоқ, тожик, туркман, грузин, болгар ва чех тилларида таржима қилинган.
Яқинда эса ёзувчининг «Erkin Azam’dan Seçme Hikayeler» («Эркин Аъзамдан танланган ҳикоялар») номли тўплами Туркиянинг Kriter нашриёти томонидан турк тилида чоп этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу нашр адиб ижодини турк китобхонларига яқиндан танитиш, шунингдек, ўзбек адабиётининг халқаро миқёсдаги тарғиботини кенгайтириш нуқтаи назаридан аҳамиятли.

Эркин Аъзам асарларининг турли тилларда нашр этилиши ўзбек адабиётининг бой мазмуни, миллий қаҳрамонларимиз ҳаёти ва халқимизга хос маънавий қадриятларни жаҳон китобхонларига етказишга хизмат қилади. Зеро, адабиёт халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган, турли маданиятлар ўртасида маънавий кўприк яратадиган беқиёс воситадир.
Н.Усмонова,
ЎзА