Япониялик сайёҳлар Фарғонага келади
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов бошчилигидаги делегация аъзолари Япониянинг Осака префектурасида жойлашган Кавачи-Нагано шаҳри депутатлар кенгаши раиси Нобуюки Ураяма ҳамда шаҳар ҳокими ўринбосари Сакае Нишигучи билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқот давомида икки ҳудуд ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Фарғона шаҳри ва Кавачи-Нагано шаҳри ўртасида биродар шаҳарлар алоқаларини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, таълим ҳамда коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.
Мазкур ташаббуслар икки ҳудуд ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда янги имкониятларни юзага чиқаришга хизмат қилади.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА