Бухорода ҳунармандчилик туризм ривожига хизмат қилмоқда
Бухоро вилоятида миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, ҳунармандларнинг салоҳиятини юксалтириш ва амалий санъат намуналарини кенг тарғиб этиш орқали ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Асрлар давомида шаклланган Бухоро ҳунармандчилик мактаби миллий маданий меросимизнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Кандакорлик, кулолчилик, гиламчилик, каштачилик каби анъанавий йўналишларда яратилаётган маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозорда, балки хорижлик сайёҳлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар миллий қадриятлар ва халқимизнинг бой маданиятини намоён этувчи ўзига хос санъат асарлари сифатида қадрланади.
Вилоятда ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, туризм соҳаси билан интеграциясини кучайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, айни пайтда вилоятдаги 193 нафар ҳунарманд «Туризм реестри», 54 нафари эса «Миллий каталог»га киритилган. Бу эса ҳунармандчилик маҳсулотларини сайёҳларга кенгроқ танитиш, миллий амалий санъат намуналарининг оммалашувига эришиш ҳамда ҳунармандларнинг туристик хизматлар бозоридаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида миллий ҳунармандчиликни тарғиб этиш мақсадида турли кўргазма-савдолар, амалий санъат ярмаркалари ва маданий тадбирлар ташкил этилди. Уларда маҳаллий усталарнинг ижод намуналарини намойиш қилиш, маҳсулотлар савдосини йўлга қўйиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, вилоятдан 20 нафар ҳунарманд хорижий давлатларда ўтказилган халқаро кўргазма, ярмарка ва фестивалларда иштирок этди. Бу уларга миллий маҳсулотларни халқаро майдонда намойиш этиш, салоҳиятли ҳамкор ва харидорлар билан алоқалар ўрнатиш, янги бозорларга чиқиш имконини берди.
Ҳунармандчилик маҳсулотлари экспортини кенгайтириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 18 нафар бухоролик ҳунарманд томонидан 15 дан ортиқ хорижий давлатга умумий қиймати 6,7 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.
[gallery-31986]
Экспорт таркибидан кандакорлик буюмлари, қимматбаҳо металлардан тайёрланган маҳсулотлар, гиламлар, кулолчилик ва каштачилик намуналари ўрин олган.
Айни пайтда вилоятда ҳунармандчиликнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, маҳаллий усталарни халқаро кўргазма ва ярмаркаларга кенг жалб этиш, ташқи бозор талабларига мос рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилувчи ҳунармандлар сафини кенгайтиришга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА