Ер участкаларидан ноқонуний фойдаланганга жавобгарлик муқаррар
Бугунги кунда ердан ноқонуний фойдаланиш, уни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда аниқ ва қатъий жавобгарлик чоралари белгиланган. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда фуқаролар томонидан ер участкаларини тегишли рухсат ва ҳужжатларсиз эгаллаб олиш, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари учрамоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Шўманай туман суди томонидан кўриб чиқилган навбатдаги маъмурий иш ҳам айнан шу каби ҳуқуқбузарлик билан боғлиқдир. Мазкур иш материалларига кўра, фуқаро Ғаний Бисенбаев (исм ўзгартирилган) аввал мавжуд турар жойини бузиб, кадастр ҳужжатларини бекор қилдирган. Шундан сўнг, ушбу ер участкасидан қонуний асоссиз фойдаланган ҳолда янги турар жой қурган.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширув ўтказилиб, турар жойни расмийлаштириш имконияти мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқлаш мақсадида бир неча бор юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилинган. Бироқ, белгиланган талабларга жавоб бермаслиги сабабли, мазкур қурилиш ноқонуний деб топилган. Шу асосда, ваколатли орган томонидан фуқаро Ғаний Бисенбаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 3-қисми билан маъмурий жазо, яъни катта миқдорда жарима тайинланган.
Фуқаро томонидан ушбу қарор устидан судга шикоят аризаси киритилиб, унда жарима миқдорини камайтириш сўраган. Суд томонидан иш барча далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда иш материаллари асосида ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилди.
Суд муҳокамаси жараёнида аниқланишича, фуқаро томонидан ер участкасидан қонуний ҳуқуқий асосларсиз фойдаланилгани, мазкур ҳолат ваколатли орган томонидан тўғри қайд этилгани ва қонун талаблари асосида ҳуқуқий баҳо берилгани ўз тасдиғини топди. Шунингдек, ишни кўриб чиқиш жараёнида жаримани камайтириш ёки бекор қилиш учун қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд эмаслиги аниқланди. Натижада, суд томонидан ваколатли орган қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, шикоят аризаси қаноатлантирилмади.
Ер муносабатлари соҳасида қонун талабларига риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Ундан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш нафақат маъмурий жавобгарликка, балки кейинчалик янада оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу боис, фуқаролар ҳар қандай қурилиш ёки ер билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишдан олдин тегишли рухсатнома ва ҳужжатларни расмийлаштириши, амалдаги қонунчилик талабларига амал қилиши зарур. Қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина адолат ва тартиб қарор топади.
Жеткиншек Қдирниязов,
Жиноят ишлари бўйича Шўманай тумани судининг тергов судьяси.
ЎзА.