Ер муносабатларида янги тизим жорий қилинмоқда (+видео)
Президентнинг 2025 йил 3-февралдаги ПФ-18-сонли Фармонига мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришнинг янги тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилганди. Янги тизимда, ер майдонлари ихтисослиги белгиланмасдан савдога қўйилиб, ер ижарачиларига экин турларини мустақил танлаш ҳуқуқи берилди.
Авваллари деҳқончилик қиламан деган фуқаро аукционда ерни ютиб олиши, шундан сўнг у ерда айнан белгиланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мажбур эди. Яъни, танлов имконияти йўқ бўлган. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3-февралдаги ПФ-18-сонли Фармонига мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришнинг янги тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилганди. Янги тизимда, ер майдонлари ихтисослиги белгиланмасдан савдога қўйилиб, ер ижарачиларига экин турларини мустақил танлаш ҳуқуқи берилди. Бунинг натижасида ижарачиларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари янада мустаҳкамланди, уларнинг ер эгалигига бўлган ишончи ошди ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига қўшимча сармоялар жалб этилиши учун қулай шароит яратилди. Мазкур тизимнинг ижобий натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 апрелда яна бир фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари ягона тартиб янги тизим асосида, яъни ер майдонлари ихтисослиги белгиланмасдан аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланди.
Шу ва соҳадаги бошқа ўзгаришлар хусусида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Абдулазиз Абдурайимов билан суҳбатлашдик.
- Айтингчи, янги фармон қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларига қандай енгилликлар берди?
- Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2025 йил 3-февралдаги ПФ-18-сонли Фармонига мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришнинг янги тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилганди. Олдинлари ер майдонлари аукцион савдоларга маълум бир ихтисослик белгиланган ҳолда берилади. Масалан, боғдорчилик, пахтачилик, ғаллачилик йўналишлари билан аниқ белгиланиб чиқарилган бўлса, мазкур янги тизим бўйича ҳеч қандай ихтисослик белгиланмайди. Ер ижарачиси бу жойга хоҳлаган экин турини экади ва мустақил танлаш ҳуқуқи берилди.
Дастлабки босқичда мазкур тизим билан 25 минг гектардан ортиқ майдонлар ижарага берилди. Мазкур фармон ер муносабатларида миллий манфаатларни оширишга хизмат қилди. Амалдаги ер ижарачилари ер майдонининг 50 фоизигача қисмидан ихтиёрий воз кечган тақдирда, қолган қисми учун янги тизим асосида 49 йиллик ижара ҳуқуқини олиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, жорий йил давомида 100 минг гектар ер майдонлари мазкур тартиб асосида савдога чиқарилиши режалаштирилган.
Жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини чет эллик инвесторларга тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳамда уларнинг аукцион савдоларида иштирок этишига рухсат берилмайди. Шу билан бирга, бундай шахслар томонидан ердан фойдаланувчи юридик шахслар устав капиталидаги улушларни эгаллашига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, чет эллик инвесторларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекциялари орқали фақат янгидан ўзлаштириш шарти билан бўз, лалми ва яйлов ерлари иккиламчи ижарага берилиши белгиланди.
- Мазкур тизим орқали саноатлашган плантация лойиҳаларини қўллаб-қўвватлаш кўзда тутилганми?
- Фармон доирасида саноатлашган плантацияларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, 50 гектардан 500 гектаргача бўлган ер участкалари саноатлашган плантациялар ташкил этиш учун аукцион савдоларига чиқарилади. Саноатлашган плантацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инфратузилма харажатларининг 1,5 млрд сўмдан ошмаган қисми Дирекция ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан Марказий банк асосий ставкасида 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилади. Музлаткичли омборхоналар ташкил этиш учун олинган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг 8 фоизгача қисми компенсация қилинади. Мева-сабзавот маҳсулотларини реализация қилишда қадоқлаш харажатларининг 50 фоизгача қисми компенсация қилинади. Сертификатланган кўчатларни харид қилиш харажатларининг 50 фоизгача қисми учун субсидия ажратилиши белгиланган.
- Сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш механизмлари ҳам кўзда тутилганми?
- Хусусан, Сув ресурсларини рақамли технологиялар асосида бошқариш ҳамда мавжуд сув захираларини реал вақт режимида мониторинг қилиш бўйича Германиянинг «Green Central Asia» лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган «Modsnow» тизими жорий этилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ҳар бир куб метр сув ҳисобига яратилаётган иқтисодий қийматни баҳолаш тизими жорий қилиниши белгиланган. Фармон билан сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, сув сарфи юқори бўлган экинларни етиштиришда замонавий усулларга ўтиш ҳамда янги ерларни ўзлаштиришда сув ресурслари имкониятларини ҳисобга олиш талаблари белгиланган. Шу билан бирга қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш мақсадида халқаро тажриба асосида пилот ҳудудларда рақамли аэрокарталар яратилиб, ҳар бир ер майдони учун энг мақбул экин турларини аниқлаш механизми жорий этилади. Ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашнинг KPI тизими ишлаб чиқилиб, соҳада натижадорликни баҳолашнинг замонавий механизмлари жорий қилинади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_MoWCyiP0IU" title="Yer munosabatlarida yangi tizim ishga tushirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА