Ер — бебаҳо хазина: қишлоқ хўжалигида ер ислоҳотлари
Ер – азал-азалдан инсониятни боққан, уни ризқ-рўз билан таъминлаган бебаҳо хазина. Бугунги кунда ушбу азиз неъматдан оқилона фойдаланиш, унинг ҳар бир қаричини илм ва технология билан тиллаштириш соҳадаги ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
Президентимиз томонидан қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ердан фойдаланишдаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ушбу эзгу мақсад йўлидаги муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб, ер ислоҳотларини янги, шаффоф босқичга олиб чиқмоқда.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларида қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришнинг мутлақо янги ва соддалаштирилган тизими жорий этилмоқда.
Эндиликда ер участкаларини ажратиш фақат очиқ ва шаффоф аукцион савдолари орқали амалга оширилади. Бунда 50 гектардан 500 гектаргача бўлган майдонлар саноат усулидаги плантациялар ташкил этиш ва чорвачиликни ривожлантириш учун махсус ажратилади.
Тизимнинг афзаллиги шундаки, аукционларда бошланғич нарх ернинг норматив қийматининг 50 фоизи миқдорида белгиланиб, савдолар натижасига кўра нархнинг босқичма-босқич пасайтирилиши тадбиркорлар учун катта иқтисодий имкониятдир. Айниқса, яйлов ва лалми ерлар учун бошланғич нархнинг норматив қийматга нисбатан атиги 1 фоиз қилиб белгиланиши фойдаланишдан чиқиб кетган майдонларни қайта муомалага киритишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Пахта ва ғаллачилик йўналишидаги субъектлар ер майдонининг ярмидан ихтиёрий воз кечган тақдирда, қолган қисми учун ижара ҳуқуқи 49 йил муддатга қайта расмийлаштирилади. Бу деҳқон ва фермерларга ўз фаолиятини узоқ истиқболга мўлжаллаб режалаштириш, ерга инвестиция киритиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш имконини беради.
Йирик инвесторлар учун эса қиймати 10 миллион доллардан кам бўлмаган лойиҳалар доирасида ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш тартиби жорий этилмоқда. Бу соҳага катта ҳажмдаги хорижий ва маҳаллий капитални жалб қилишда муҳим омил бўлади.
Ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши ишлаб чиқаришга инновацион ёндашувларни татбиқ этишдир. Хусусан, 2027 йилдан бошлаб шоли етиштиришда эскирган анъанавий усуллардан воз кечилиб, фақат лазерли текисланган майдонларда кўчат усулида экиш тизимига ўтилади. Бу нафақат сув ресурсларини тежаш, балки ҳосилдорликни бир неча баробарга ошириш имконини беради.
Ушбу янги тизим қишлоқ хўжалигида ерни ҳақиқий бозор активига айлантириш, соҳада эркин рақобат ва шаффофликни таъминлаш орқали мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ердан оқилона фойдаланиш эса юртимиз дастурхонининг янада тўкин, ризқимизнинг бутун бўлишига замин яратади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА