Ер билан дўст тутинган фермер
Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани,даги Алишер Навоий маҳалласи — нафақат гўзал табиати, балки қишлоқ хўжалигидаги илғор тажрибалар маркази сифатида ҳам машҳур. Бунинг сабаби “Боёвутлик Хумоюн” фермер хўжалиги раҳбари Абдулла Бегматов бўлиб, маҳаллада ҳам, бутун вилоятда ҳам фаол ва самарали меҳнат қилиб келаётган пешқадам фермер сифатида обрў қозонган.
41 йилдан бери ер билан яқин дўст тутинган Абдулла ака тупроқ қонун-қоидаларини, агротехника йўл-йўриқларини чуқур ўзлаштирган. Бугунги кунда у қарамоғидаги 107 гектар ернинг 87 гектарига чигит, 20 гектарига буғдой уруғи қадаб, яхши натижаларга эришмоқда.
Абатта бу тасодиф эмас. Фермер хўжалигида замонавий агротехнологиялар, инновацион ечимлар жорий этилган. Масалан, ўтган йилнинг ўзида 47 гектар ерга экилган буғдойдан 410 тонна ғалла, 62 гектар ерга экилган чигитдан эса 260 тонна пахта йиғиб олинди. Энг асосийси шартномавий режалар ошиғи билан бажарилди. Бу кўрсаткичлар нафақат Боёвутда, балки бутун вилоятда энг яхши натижалардан бири сифатида қайд этилди.

Фермернинг самарали меҳнати даромадда ҳам ўз ифодсини топган. Биргина пахтадан олинган умумий даромад 1 миллиард 307 миллион сўмга етди, шундан 728 миллион сўми соф фойда. Ғалладaн эса 840 миллион сўм даромад олишга эришди.
Хўжаликда 18 нафар ишчи хизматчи меҳнат қилади. Уларнинг ўртача иш ҳақи 3,5–4 миллион сўмни ташкил этади, бундан ташқари, ҳар мавсумда улар ғалла ва шоли ҳосилидан рағбат сифатида улуш ҳам олади.
Абдулла Бегматов ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тарафдори. Унинг ташаббуси билан маҳалладаги R3 канали таъмирланиб, сув оқимининг самарадорлиги 74 фоизга ошди. Бу эса 22 фермер хўжалигини ўз вақтида ва тўлиқ суғориш имкониятини яратди.

Фермер илғор тажрибасини бошқалар билан ўртоқлашишга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Сўнгги уч йилда у “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш”, “Ғўза ниҳолларини касалликлардан асраш”, “Тупроққа ишлов бериш усуллари” каби мавзуларда 8 марта амалий семинар ўтказиб, кўплаб фермерлар учун тажриба мактабига айланди.
– Фермерлик ерга уруғ сочиш эмас, балки изланиш, таҳлил ва технологияга асосланган соҳадир, – дейди у. – Қўшқатор усулида пахта экиш, томчилатиб суғориш, танлаб нав экиш каби инновацион ёндашувлар ҳосилдорликни кескин оширмоқда.
Жорий йилда хўжаликда Хитой технологияси асосида юқори ҳосилдор “ХинЛуЗао-78” навли пахта 58 гектар майдонга экилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган 8 гектар ерда биринчи бўлиб томчилатиб суғориш технологияси асосида шоли етиштириш йўлга қўйилди. Бу эса сув ресурсларини тежаш ва ҳосил сифатини оширишда янги босқич ҳисобланади.
Фермер хўжалигида ер маданияти ва экологик муҳитга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Далалар атрофига мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, табиатни асраш ва қишлоқ ободончилигига ҳисса қўшилмоқда. Шунингдек, хўжалик сўнгги уч йилда ҳудудни ободонлаштириш ва кам таъминланган оилаларга 70 миллион сўмлик ёрдам кўрсатди.
Фаолияти самарасиз кетмади. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Президент Фармонига биноан Абдулла Бегматов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Биласизми, қишлоқ хўжалигида илм, инновация ва тажриба уйғунлашганда – ҳосилдорлик, ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорлик кафолатланади, – дейди у.
Ҳозирги кунда “Боёвутлик Хумоюн” фермер хўжалиги нафақат бой тажриба, балки инновацияга асосланган муваффақиятли иш услуби билан ҳам бошқа фермерлар учун ҳақиқий намунага айланиб улгурди.
Бу эса юртимизда амалга оширилаётган аграр ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида Президент ташаббуслари ва давлат сиёсати самараси сифатида намоён бўлмоқда. Фермерлар меҳнатига яратилаётган имкониятлар, ер ва сувдан оқилона фойдаланиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси турмуш сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири