Самарали меҳнат – юксалиш гарови
Орамиздаги замондошларимиз
Бугунги кунда фермерлар мамлакатимиз тараққиётида етакчи куч, қишлоқ хўжалиги ривожида асосий таянчга айланган. Тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришда ҳам уларнинг ҳиссаси беқиёс. Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Ҳафиз Муҳаммадиев раҳбарлик қилиб келаётган “Фахриддин Ойбек” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти бунга яққол мисолдир.
Мазкур хўжалик наслли чорва молларини кўпайтириш, аҳолини сут ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ғалла ва пахта етиштириш, балиқчилик, пишган ғишт ишлаб чиқариш каби йўналишларда самарали фаолият юритаётган кўп тармоқли фермер хўжалиги саналади. Айни пайтда хўжаликда 54 гектар экин майдони мавжуд. Сут ва гўшт йўналишида 100 бошдан зиёд қорамол боқилмоқда.
Илғор, ташаббускор ва тажрибали фермер мелиоратив ҳолати оғир ва тупроқ унумдорлиги паст ҳудудда ғаллачилик ҳамда пахтачиликда юқори самарадорликка эришмоқда.
– Ёшлигимдан деҳқончилик ва чорвачиликка қизиқаман, – дейди Ҳафиз Муҳаммадиев. – 2005 йилда отам фермер хўжалик ташкил этган бўлса, 2018 йилдан буён фермер хўжалигини бошқариб келмоқдаман. Фаолиятим давомида отамдан ўрганганларим асқатмоқда. 2022 йилда фермер хўжалигимизни янада кенгайтириш мақсадида чорвачиликни ҳам ривожлантира бошладик. 2024 йилда Қозоғистон давлатидан 50 та зотдор қорамол олиб келдик. Ҳозирда 40 та сигиримиз, 60 та буқамиз бор. Айни пайтда 300 литр атрофида сут соғиб олиб, сутни қайта ишлаш цехларига етказиб бермоқдамиз. Келгусида чорва сонини янада кўпайтириб, ўзимиз сут ва гўштни қайта ишлаш цехини очиш ниятидамиз.
Фермер хўжалигида мавжуд экин майдонининг 25,8 гектарида ғалла, 28,2 гектарида пахта етиштирилади. Ернинг ҳадисини олган фермер бир неча йилдирки, майдонларни лазер ускунаси ёрдамида текислаб, деҳқончилик қилиб келмоқда. Бу эса йилдан-йилга ҳосилдорликнинг ошишига олиб келмоқда. Жумладан, жорий йилда ғалладан 75, пахтадан эса 50 центнердан ҳосил олинганлиги ҳам ушбу технологиядан унумли фойдаланилаётганлиги самарасидир. Айни пайтда пахтадан бўшаган майдонлар ғўзадан тозаланиб, шудгорланмоқда ва текисланмоқда. Кузги ғалла экилган майдонларда эса ниҳоллар ўсиб, бир текис ривожланмоқда.
– Жорий йилнинг 27-29 октябрь кунлари Хитойнинг Вейфан шаҳридаги “Фухуа” халқаро кўргазма марказида III Халқаро Вейфан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ярмаркасида иштирок этдим, – дейди Ҳ.Муҳаммадиев. – У ерда кўплаб ҳамкорлар билан тажриба алмашиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишдик. Замонавий иссиқхона, сут ва донни қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари билан суҳбатлашиб, шартномалар туздик. Келгусида Хитойдан зотдор қорамол олиб келиб, чорвачиликни янада ривожлантиришни мақсад қилиб олдик.
[gallery-26609]
Халқимизда “Ҳаракатда баракат”, деган нақл бор. Тажрибали фермер томонидан ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, хўжалик тармоқларини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари