Энг яхши ихтиро, энг яхши лойиҳа, энг яхши ғоя - танлов ғолиблари тақдирланди (+видео)
Тошкентда муҳандислик йўналишидаги кўрик-танловлар ғолибларини тақдирлаш ҳамда 1-октябр Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги, вазирлик ҳузуридаги Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси ҳамда “INNO Technopark” ҳамкорлигида ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб ҳар йили муҳандислик йўналишлари бўйича “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” кўрик-танловлари ўтказиб келинмоқда. Ушбу танловлар иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларнинг ғоя ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Тантанали маросим давомида танловда юқори натижаларни қўлга киритган иштирокчилар муносиб тақдирланди. Хусусан, биринчи ўринни эгаллаган 9 нафар ғолибга BYD Chazor русумли замонавий автомобиллар калитлари топширилди. Иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари эса пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, тадбир рамкасида “Муҳандис аёл” ҳамда хорижий олий таълим муассасаларига стажировка танловлари ғолибларига ҳам махсус мукофотлар топширилди.
Шу билан бирга, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакатимиз олий таълим тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидоий устоз ва мураббийлар “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланди.
Зиёвуддин Нуриддинов, Дониёр Якубов, Салимжон Обиджонов, ЎзА