Янги ғоялар муаллифлари тақдирланди
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан олий таълим муассасаларида илмий изланишлар олиб бораётган ёшлар, янги ғоя ва ихтиролар муаллифларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ана шу мақсадда ташкил этилган "Энг яхши олий таълим ихтирочиси" Республика танлови якунланиб, ғолиблар тақдирланди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.
Танлов олий таълим муассасаларида яратилаётган янги ихтиро ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, илмий изланишларга қизиқишни ошириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида ўтказилди.

Танловнинг республика босқичига жами 47 та ариза келиб тушди. Лойиҳалар сунъий интеллект, дастурлаш ва ахборот технологиялари каби саккизта устувор йўналиш бўйича баҳоланди. Танлов уч босқичда ташкил этилди.
Якуний натижаларга кўра, саккизта йўналишнинг ҳар бирида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар аниқланиб, жами 24 нафар ғолиб тақдирланди.
Эътиборлиси, энг кўп ғолиб етиштирган олий таълим муассасалари сифатида Қарши давлат университети ва Бухоро давлат техника университети эътироф этилди. Ҳар икки университетдан уч нафардан танлов ғолиби аниқланди. Ушбу олий таълим муассасаларининг ҳар бирига лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун 500 миллион сўмдан маблағ ажратилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА