Мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг сифатли таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, бугунги кунда юртимизда 14 та Президент мактаби, 185 та ихтисослашган ва 9 та ижод мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Улардаги ўқитиш ва баҳолаш тизими 1 минг 500 та умумтаълим мактабида ҳам жорий этилган. Бу каби имкониятлар ёшларимизнинг жаҳон даражасида билим олиши учун замин. Энди уларни тўғри йўналтириб, дунёдаги энг илғор университетларда ўқишига кўмаклашиш зарур.
Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Жаҳонгир Авазхонов ўз салоҳияти ва масъулиятлилиги билан бутун мактаб жамоасининг ҳурматини қозонган. Мамлакатимизнинг иқтидорли ёшларидан бири бўлган Жаҳонгир бир қанча ҳавас қилгулик натижаларга эришиб улгурган.
У Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида кумуш медаль соҳибига айланди. Туркиядаги халқаро робототехника олимпиадасида 2 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритди. Италияда бўлиб ўтадиган халқаро робототехника олимпиадасига йўлланма олишга муваффақ бўлди. Республика бўйича энг кучли 12 нафар информатика олимпиадачиси қаторидан жой олди.

Қайд этиш лозимки, нафақат билим, балки ижодкорлик, рақамли саводхонлик ва технологик тафаккурнинг ёрқин намунаси сифатида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаб ўқувчилари ўртасида “Robo-Coding" олимпиадаси ташкил этилган эди. Жаҳонгир мазкур олимпиадада республика босқичи ғолиби бўлди.
– Фарзандга ажратилган вақт ва кўрсатилган эътибор натижа бермасдан қолмайди, – дейди Жаҳонгирнинг отаси Собитхон Турдиев. – Боланинг вояга етиши ва қандай инсон бўлиши кўп жиҳатдан ота-она тарбиясига боғлиқ. Тарбия эса енгил вазифа эмас. Бу масалада устозларни айблаш ўз масъулиятини бошқага юклаш деганидир. Ўғлим таҳсил оладиган мактабга бизни тез-тез таклиф этишади. Қобилиятли фарзанд ўстираётганимиз учун миннатдорчиликлар билдиришади. Ота-она учун энг катта мукофот шу бўлса керак. Энг яхши мерос гўзал тарбиядир.
Ўзбекистонда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсон бўлиб камол топиши учун барча куч ва имкониятлар ишга солинган. Жаҳонгир эса ўзи учун яратилган бу шарт-шароитлардан унумли фойдаланишни мақсад қилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА