Аврангзебнинг ғалабаси
Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг 9-синф ўқувчиси Аврангзеб Норжигитов дунё миқёсидаги нуфузли Lumiere Scholars Essay Award танловида юқори натижага эришди. Унинг ижодий иншоси 104 та мамлакатдан юборилган 2 100 дан ортиқ иш орасидан сараланиб, энг яхши ишлар қаторида эътироф этилди.
Натижада у High Honors Award мукофотига сазовор бўлди. Шунингдек, Аврангзеб Lumiere Research Scholar Program дастурида иштирок этиш учун 1 250 АҚШ доллари миқдоридаги стипендияни ҳам қўлга киритди.
Мазкур дастур ўқувчиларга юқори даражадаги академик муҳитда фаолият юритиш, илмий изланиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда нуфузли университетлар билан ҳамкорликда иш юритиш, шунингдек, Harvard, Stanford ва Oxford каби олий таълим муассасаларида фаолият юритувчи PhD даражасига эга олимлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, ёзув (Writing) бўйича шахсий мураббийлардан маслаҳатлар ва Publication Strategist томонидан йўл-йўриқ олиш имкониятларини тақдим этади.

Мутахассислар фикрича, бу каби халқаро танловлардаги ютуқлар ўқувчиларда илмий изланиш, танқидий фикрлаш ва академик ёзиш маданияти изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Lumiere Scholars Essay Award каби халқаро танловлар ўқувчилардан нафақат чуқур билим, балки мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва академик ёзиш маданиятини ҳам талаб қилади. Бу каби мусобақалар ёшларнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
— Халқаро майдондаги бундай мусобақалар ўқувчилар учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Аврангзебнинг энг катта устунлиги — унинг танқидий фикрлаши, мавзуларни чуқур таҳлил қила олиши ва ўз фикрини мантиқий тарзда ифодалаш қобилияти. У доим изланади, савол беради ва жавоб излашдан тўхтамайди. Шу жиҳатлари билан у тенгдошларидан ажралиб туради. Бу натижа бир ўқувчининг эмас, балки бутун жамоанинг меҳнати самарасидир. Аврангзеб каби иқтидорли ёшлар бошқалар учун ҳам кучли илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади, – дейди мактаб маслаҳатчиси Мадина Сапарова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири