Энергия тежамкорлик ва инновациялар – ҳосилдорликнинг кафолати
Айни пайтда қишлоқ хўжалигида иш қизғин паллага кирган. Айниқса, баҳорги дала юмушлари уюшқоқлик билан олиб бориляпти. Албатта, қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланиш, бу жараёнда агротехник тадбирларни амалга ошириш, аввало, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга боғлиқ. Бунда Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга.
Бугунги кунда 474 нафар мутахассис меҳнат қилаётган бошқарма 38 та насос станцияси ва 473 та тик қудуқ орқали ҳудуд қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаб келмоқда. 172 та насос агрегатининг умумий қуввати 147,2 м³/секундни ташкил этади.
– 2025 йил давомида фермер ва томорқа ер эгаларига қарийб 667,9 миллион куб метр сув етказиб берилди, – дейди бошқарма бошлиғи Акмал Ҳамидов. – Шу билан бирга, электр энергияси сарфининг белгиланган лимитдан анча кам – 92,619 миллион кВт·соат даражасида бўлиши эса ресурслардан самарали фойдаланиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Йил давомида амалга оширилган техник янгиланишлар бу самарадорликнинг асосий омилларидан бири бўлди. Замонавий энергия тежамкор насос ва электродвигателлар ўрнатилиши, частота ўзгартирувчилар ва конденсатор қурилмаларининг жорий этилиши нафақат энергия сарфини камайтирди, балки ускуналар ишончлилигини ҳам оширди.
Айниқса, қайта тикланувчи энергия манбаларига эътибор кучайгани диққатга сазовор. Қуёш панеллари ўрнатилиши натижасида 1,232 миллион кВт·соат электр энергияси тежалди. Шу билан бирга, эскирган тик қудуқларнинг янгиланиши, сув танқис ҳудудларга дизель насослар етказиб берилиши каби чора-тадбирлар жойлардаги муаммоларни тизимли ҳал этишга хизмат қилди.
Кармана туманининг қарийб 60 фоиз ер майдонига сув етказиб берувчи “Касаба” насос станцияси ҳам бошқарма тасарруфидаги йирик иншоотлардан бири ҳисобланади.
Насос станцияси 2017 йилда тўлиқ қайта реконструкция қилинган бўлиб, 7 та агрегатдан иборат.
Бугунги кунда мазкур насос станцияси 63 та фермер хўжалигига хизмат кўрсатиб, умумий майдон 6500 гектарни ташкил этади.
Ушбу ер майдонининг 2045 гектари пахта, 1807 гектари бошоқли дон ҳамда 2648 гектари эса бошқа экинлар ҳисобига тўғри келади.
Эътиборли томони, мазкур насос станцияси орқали “Чап қирғоқ” каналидан сув олиниб, 48,5 метр баландликка кўтариб берилади.
[gallery-28610]
– Айни пайтда станциямизда 14 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда, – дейди “Касаба” насос станцияси бошлиғи Фурқат Раҳмонов. – Барча агрегатлари ишлаганда сув чиқариш қобилияти секундига 11,2 куб метрни ташкил этади. Битта агрегат эса 1 секундда 1,9 куб метр сув чиқаради. Станциямизга 150 киловатт электр энергия ишлаб чиқарувчи қуёш панеллари ўрнатилган. Электр энергияси сарфи бўйича лимитимиз йилига 18 миллион 350 кВт соатни ташкил этади. Таҳлилларимизга кўра, 2025 йилда 1 миллион кВт соат электр энергия иқтисод қилинди.
Ҳозирги кунда станция ҳудудида асаларичилик, паррандачилик, балиқчилик, деҳқончилик ва боғдорчилик каби ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилинган. Бу ерда етиштирилган маҳсулотлар ишчи-ходимларнинг эҳтиёжлари учун сарфланади.
Хуллас, замонавий ёндашув, энергия тежамкор технологиялар ва тизимли ислоҳотлар орқали нафақат ресурслар тежалмоқда, балки қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик самарадорлиги ҳам сезиларли даражада ошмоқда.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари