Табиий газ таъминоти барқарорлиги эътиборда
Қишки мавсумда бўлгани каби ёзги кунларда ҳам истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжлари камаймайди. Шу боисдан ҳам хизмат кўрсатувчи коммунал идоралар томонидан бу борада тизимли ишлар ташкил этилади.
Наманган шаҳрининг таркибидаги Давлатобод тумани Гулшан маҳалласида жойлашган газ тақсимлаш масканида электрон газ ҳисоблаш ускуналарини мавсумий шароитларга мослаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди.

"Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирлар об-ҳаво ўзгариши, қиш мавсумининг якунланиши ҳамда ёзги мавсумга ўтилиши муносабати билан аҳолини барқарор табиий газ билан таъминлаш, шунингдек, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятга эга.
– Жараёнда Нуробод, Давлатобод ва Давлатобод-2 каби йирик ҳудудларда газ тақсимлаш тизимлари навбатдаги тафтишдан ўтказилди, – дейди "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали масъул ходими Насиба Абдуллаева.
– Бунда электрон газ ҳисоблаш ускуналарининг ишлаш ҳолати чуқур ўрганилиб, мавжуд табиий газ истеъмоли кўрсаткичлари асосида техник созлаш ишлари бажарилди.

Шунингдек, тизим самарадорлигини ошириш мақсадида торайтирувчи қурилмалар – диафрагмалар янгиларига алмаштирилди. Бу эса, газ оқимини меъёрий даражада ушлаб туриш, ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш ва истеъмолчиларга бир меъёрда табиий газ етказиб беришни таъминлайди.
Бу ишлар "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали мутахассислари ҳамда "Давлатобод тумангаз" газ таъминоти бўлими ходимлари ҳамкорлигида белгиланган техник талаблар асосида амалга оширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА