Бугунги кунда энергия ресурсларини тежаш ҳамда улардан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш жамиятнинг энг долзарб масалаларидан бирига айланмоқда. Ўтказилаётган тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан, айрим фуқаролар газ ресурсларидан яширинча фойдаланиш ҳолатларига йўл қўймоқда.
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар прокуратураси, шаҳар ички ишлар ва газ таъминоти бўлимлари ҳамкорлигида Қарши шаҳрининг “Қарши” ва “Темирйўлчи” маҳаллаларида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.


Тадбир давомида аниқланишича, маҳалланинг “Хоразм” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаронинг уйи 2024 йил март ойида 9 миллион 518 минг сўмлик қарздорлик сабабли газ таъминотидан узилган эди. Бироқ ушбу уй эгаси қонун талабларини инобатга олмай, ҳисоблагични ўзбошимчалик билан ечиб олиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланган. Фуқарога қонунчиликда белгиланган талаблар тушунтирилишига қарамасдан ишчи гуруҳини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган.
Шунингдек, “Темирйўлчи” маҳалласи “Ифтихор” кўчасида истиқомат қилувчи бошқа бир фуқаро ҳам 2024 йилнинг 20 февраль куни 6 миллион 196 минг сўмлик қарздорлик туфайли тармоқдан узилган. 2024 йил июль ойида ўтказилган рейдда мазкур фуқаро ҳам ҳисоблагични ноқонуний равишда ечиб олгани аниқланди. Бу учун у 1 миллион 657 минг сўмлик жаримага тортилиб, газ таъминоти тармоғига ноқонуний қайта уланишга йўл қўйганлиги учун яна бир неча марта қоидабузарлик содир этган.


Ҳозирда ҳар икки хонадон тармоқдан узилган ҳолда тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига юборилган ва қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилиши таъминланмоқда.
Энергия ресурсларидан оқилона ва масъулиятли фойдаланиш нафақат ҳар бир хонадоннинг молиявий ҳолатини таъминлайди, балки умумий иқтисодий барқарорлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам хизмат қилади. Жамиятимизда қоидабузарликларга йўл қўймаслик ва барча фуқароларни мазкур масалага жиддий эътибор қаратишга чақирамиз.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири