Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишга чек қўйилмоқда
Энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, уларнинг талон-торож қилиниши ва ноқонуний истеъмолининг олдини олиш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида хавфсизлик маданиятини шакллантириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада "Ўзэнергоинспекция" томонидан ҳудудларда мунтазам назорат ва профилактик тадбирлар ўтказилиб, қоидабузарликларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Қарши ва Наманган вилоятларида электр энергияси ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган бўлса, Наманган ва Жиззах вилоятларида энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш, ёнғин ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича профилактик ишлар олиб борилмоқда.
Бу ҳақда "Ўзэнергоинспекция" бўлим бошлиғи Ботир Ёқубов қуйидагиларни маълум қилди:
–Энергия ресурсларидан қонуний ва самарали фойдаланишни таъминлаш, истеъмолчилар томонидан белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш инспекция фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳудудларда ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қатор ҳолатлар аниқланмоқда.
Хусусан, Қарши шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида "Б." МЧЖга қарашли электромобилларни қувватлаш станциясида ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиш орқали электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани маълум бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 317 миллион сўмлик зарар етказилган.
Шу каби қоидабузарлик Наманган вилоятида ҳам аниқланди. “Ўзэнергоинспекция”, "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида "М." оилавий корхонасига қарашли бинода лойиҳа ҳужжатларисиз ва шартномасиз газ тармоғига уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди. Натижада газ таъминоти корхонасига 1 миллиард 491 миллион сўмлик зарар етказилган.
Албатта, энергия ресурсларидан фойдаланишда фақатгина қонунийликка эмас, балки хавфсизлик талабларига ҳам қатъий амал қилиш зарур. Шу мақсадда Наманган вилоятидаги ижтимоий соҳа объектлари, бозорлар, савдо мажмуалари ва умумий овқатланиш шохобчаларида профилактик назорат тадбирлари ташкил этилмоқда.
Жараёнда газ, суюлтирилган газ ва электр энергиясидан фойдаланишда белгиланган хавфсизлик талаблари ҳамда норматив ҳужжатларга риоя этилиши ўрганиляпти. Шунингдек, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши, ёнғин ва электр қурилмалари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан масъуллар ва фуқароларга тушунтиришлар берилмоқда.
Шу билан бирга, куз-қиш мавсумида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳам эътибор марказида. Бу борада “Ўзэнергоинспекция” ва "Ҳудудгаз Жиззах" газ таъминоти филиали ҳамкорлигида Жиззах шаҳрида профилактик тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирлар давомида қозонхоналар, аҳоли гавжум ҳудудлар ва хонадонларда фуқароларга газ жиҳозларидан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш, иситиш мосламаларининг техник созлигини мунтазам текшириб бориш, хоналарни шамоллатиш ҳамда мўриларнинг ҳолатига эътибор қаратиш юзасидан зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, ис газининг инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфи, унинг юзага келиш сабаблари ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чоралари тушунтирилди.
Асосий мақсадимиз энергия ресурсларидан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ва техник саводхонлигини ошириш, энг муҳими, инсон ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Шу боис назорат тадбирлари билан бир қаторда профилактик ва тарғибот ишларини ҳам изчил давом эттирамиз.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.